Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги терроризмни тарғиб қилиш ва оқлашда айбланаётган қозоғистонлик талабанинг Россияда ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотларни текширади. Бу ҳақда маҳкама «Курсив» нашрига маълум қилган.
РФ Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича Бош тергов бошқармаси бир кун аввал хорижлик талаба қўлга олингани ҳақида хабар берганди. Бошқарма қўлга олинган шахс фуқаролигини кўрсатмаган, фақат у РФ Жиноят кодексининг 205.2 («Терроризмни оммавий оқлаш ва тарғиб қилиш») модданинг 2-қисми бўйича айбланаётганини таъкидлаган. Тергов маълумотларига кўра, шу йилнинг январидан февралигача йигит «террорчилик фаолиятини оқловчи шиорларни омма олдида айтган». Уни ҳибсга олишда Россия Миллий гвардиясининг тезкор ҳаракат махсус бўлинмаси (СОБР) ходимлари иштирок этган. Тинтув чоғида гумонланувчидан ташвиқотга оид адабиётлар олиб қўйилган.
Қўлга олинган шахс Қозоғистон фуқароси экани ҳақидаги маълумотлар Телеграм каналларида тарқалди. «Ротунда» маълумотларига кўра, гап 23 ёшли Гарри Азарян ҳақида кетмоқда. У «Рабочая власть» («Ишчилар ҳокимияти») сўл радикал ташкилотининг талабалар ячейкаси аъзоси бўлган. Жиноят ишида Азаряннинг норасмий талабалар йиғинларидан бирида «инқилоб, синфий нафрат ва кўча кучи» ҳақида сўзлаган нутқининг стенограммаси борлиги айтилади.
Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги халқаро бюросининг хабар беришича, Азаряннинг ҳибсга олиниши «Рабочая власть» иштирокчиларининг 24 март куни ўтказган акцияси билан боғлиқ. Улар Санкт-Петербург давлат университети биноси ёнидаги граф Уваров ёдгорлигига «Фанлар ўлган» деган ёзув билан қадимги Рим донолик маъбудаси Минерва манекенини осиб қўйишган.
Россия давлат агентлиги «РИА Новости» манбасининг апрель ойида хабар беришича, Санкт-Петербург давлат университетида тахминан бир йил аввал «Рабочая власть» «ячейкаси» ташкил этилган, бироқ эндигина у ўзини омма олдида эълон қилиб, акцияни бошлаган.
«Эндигина 18 ёшга тўлган ёш инқилобчилар ўз гуруҳини чап қанот радикалларнинг «Интернационал -коммунистлар ташкилоти» кўмагида тузганлар, у эса ўз навбатида Буюк Британиядаги троцкий мафкурачиси Алан Вудс бошчилигидаги бошқарув маркази билан халқаро иттифоқ таркибига киради», — дейилади агентлик хабарида.