«Аркадаг» ОФК Чақирув лигаси плей-офф босқичининг биринчи ўйинида ғалаба қозонди

"Аркадаг" футболчилари. the-afc сайти фотосурати

Осиё футбол конфедерасияси (ОФК) Чақирув лигасининг биринчи чорак финал учрашувида Туркманистоннинг «Аркадаг» футбол клуби сафарда Ҳиндистоннинг «Ист-Бенгал» клуби устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ҳозирги қитъа миқёсидаги клуб турнирларида Ҳиндистоннинг «Ист-Бенгал» клуби илгари ҳам Туркманистон жамоалари билан кесишган эди. Ўтган йил август ойида иккинчи Чемпионлар лигасининг саралаш босқичида ҳиндлар ўз майдонида «Алтин Асир»га имкониятни бой беришганди (2:3). Бироқ, мутахассислар ҳиндларнинг таркиби кучлироқ экани, улар аввалги ўйиндан маълум хулосалар чиқаришган, дея хулосага келиб, мезбонларга ён босишганди.

Шунга қарамай, Туркманистон раҳбарияти қарори билан хориждаги қишки йиғинларсиз қолган «Аркадаг» қийин об-ҳаво шароитида ўйинга тайёргарлик кўрган ва ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Ягона гол 9-дақиқада Язғилич Гурбанов томонидан киритилди. Умуман олганда, туркманистонликлар ўйин давомида ишончли кўринишди ва ҳимояда деярли хатога йўл қўйишмади, аммо иккинчи голни уришга жуда яқин бўлишди.

Жавоб ўйини 12 март куни Аркадаг шаҳрида бўлиб ўтади. Учрашув ғолиби «Ал-Араби» (Қувайт)/«Ал-Сиб» (Уммон) учрашуви ғолиби билан тўқнаш келади. Қувайтда бўлиб ўтган биринчи ўйин 1:0 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлган эди.

Қайд этиш лозим, «Аркадаг»дан ташқари Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси халқаро клуб турнирларининг плей-офф босқичига йўл олди ва элит Чемпионлар лигасида Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» жамоаси билан куч синашади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ