Вологда вилоятида меҳнат мигрантларининг қурилишда ишлашига қўйилган тақиқ бир ҳафта ўтиб бекор қилинди. Ҳуқуқий ахборот интернет порталида вилоят губернатори Георгий Филимоновнинг қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳанинг тушунтириш хатида вилоятда қурилиш соҳасида бўш иш ўринлари кўпайгани, аммо ҳудудий бандлик хизматида рўйхатдан ўтган ва ушбу лавозимларни эгаллашга тайёр ишсиз россияликлар сони талабни қондиролмаслиги айтилади. Бу эса «қурилиш соҳасидаги бўш иш ўринларини россияликлар ҳисобидан тўлдиришга имкон бермайди».
Георгий Филимонов 27 февраль куни ўз қарори билан патент асосида меҳнат фаолиятини юритувчи чет эл фуқароларининг қурилишда ишлашини тақиқлаганди.
Шуни таъкидлаш лозим, ЕОИИ мамлакатлари — Арманистон, Беларусия, Қозоғистон ва Қирғизистондан келган хорижликлардан ишлаш учун рухсатномалар талаб қилинмайди. Бироқ, тушунтириш хатида бу ҳолат кўрсатилмаган ва «тўлдириш» да фақат РФ фуқаролари назарда тутилган.
РБК маълумотларига кўра, чет эл фуқароларига қурилиш майдонларида ишлашни тақиқлаш қарори Вологда вилояти губернатори ва «Северсталь» компаниясининг асосий бенефициари Алексей Мордашов ўртасида давом этаётган можаро фонида қабул қилинган. Февраль ойи бошида компания инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Череповецга 6000 мигрантни олиб келмоқчи бўлгани ва бу жамиятда норозиликларга сабаб бўлгани хабар қилинганди.
Кейинроқ Филимонов Череповецдаги муҳожирлар устидан назоратни кучайтириш ниятида эканини маълум қилган. «Северсталь», ўз навбатида, қайд этилган 6 минг нафари қўшимча эмас, балки инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг қизғин палласида жалб қилинган хорижий мутахассисларнинг умумий сони эканини тушунтирган. 2024 йили «Северсталь» нинг йирик қурилиш майдонларида 4,5 мингга яқин чет эллик мутахассислар ишлаган ва бу «шаҳар учун ҳеч қандай қийинчилик туғдирмаган» ва 2027 йилга бориб уларнинг сони 2,2 минг киши бўлишини таъкидлайди компания.
Айни пайтда Россия президенти Владимир Путин 2025 йилдаёқ миграция сиёсатининг янгиланган концепциясини қабул қилиш ва мигрантларни электрон рўйхатдан ўтказиш имкониятларини ўрганиш зарурлигини маълум қилди.
«Келишиб олганимиздек, Ички ишлар вазирлиги бошқа тегишли хизматлар билан биргаликда қоғозли миграция картасидан воз кечиш ва хориждан келганлар учун электрон авторизацияга ўтиш имкониятларини ўрганиши керак. Бу ва бошқа янгиликлар жорий йили қабул қилинадиган давлат миграция сиёсатининг янгиланган концепциясида ўз аксини топиши лозим. Ноқонуний миграция каналларини тўхтатиш ва миграцияни назорат қилишнинг замонавий воситаларидан фаолроқ фойдаланиш зарур», — деган Путин 5 март куни ИИВнинг кенгайтирилган йиғилишида.
Эслатиб ўтамиз, миграция қонунчилигидаги янги қоидалар 5 мартдан кучга кирди. Полиция эндиликда мамлакатдан чиқариб юборилиши керак бўлган мигрантлар ётоқхоналарига бемалол кириши мумкин. Эндиликда ИИВ ходимларига тўлов тизимлари орқали мигрантларнинг мобил телефон маълумотлари, жойлашув маълумотлари ва транзакцияларини текширишга рухсат берилган. Полиция, шунингдек, Россия ва жорижий давлатлар давлат идораларидан мигрантларнинг тижорат, банк ва солиқ сирларига оид маълумотларини сўраши мумкин. Ўз навбатида, молия ташкилотлари чет элликларнинг банк ҳисоблари ва улар орқали пул маблағларининг ҳаракатланишига оид маълумотларни тақдим этишлари керак бўлади.