Грузия Ўзбекистонга Ўрта транспорт йўлагини биргаликда ривожлантиришни таклиф қилди

Ираклий Кобахидзе ва Абдулла Арипов. Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати фотосурати

Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе 5 март куни Тошкентда ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан бўлиб ўтган учрашувда Ўрта транспорт йўлагини биргаликда ривожлантиришни таклиф қилди. Бу ҳақда Кавказорти давлати ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Кобахидзе унинг мамлакати Европа ва Осиёни, Ғарб ва Шарқни боғловчи стратегик жойлашувга эга эканини таъкидлади. Шу боис Грузия Ўрта коридор имкониятларидан максимал даражада фойдаланишга интилади. Сиёсатчи Ўзбекистон билан бу борадаги ҳамкорлик фойдали ва самарали бўлиши мумкин, деган фикрни билдирди.

Икки давлат ҳукумат раҳбарлари савдо ва инвестициялар соҳасидаги ижобий динамикани қайд этдилар. Фурсатдан фойдаланган Кобахидзе Ариповни Грузияга жавоб ташрифини таклиф қилди.

Ўзбекистон Бош вазири матбуот хизмати, ўз навбатида, Тошкентдаги музокаралар чоғида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилганини хабар қилди. Хусусан, томонлар яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш салоҳияти мавжудлигига келишиб олдилар.

Бундай натижага тўқимачилик, пойабзал ва чарм, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотлари, рангли ва қора металлар, мева-сабзавот, кимё маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа товарлар олди-сотдисига кенг йўл очиш орқали эришиш мумкинлиги билдирилди. Ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, транспорт ва логистика каби соҳалардаги ҳамкорликка қизиқиш билдирди.

Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг муҳим омили бўлиши мумкинлиги, шу маънода, Самарқанд ва Батуми, Бухоро ва Мцхета шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар ривожига салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунлари бўйича қатор ҳужжатлар, жумладан, давлат харидлари соҳасида шериклик тўғрисидаги англашув меморандуми ва қишлоқ хўжалигига оид лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича «йўл харитаси» имзоланди.

Ираклий Кобахидзе Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашди. Сиёсатчилар ҳукуматлар ва парламентлар даражасида давлатлар ўртасидаги алоқалар фаоллашганини қайд этдилар. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажмининг 50 фоизга ошгани, қўшма корхоналар сони ва юк ташиш ҳажмининг кўпайиши, грузиялик инвесторлар иштирокида Марказий Осиё республикасида рақамли банк фаолияти йўлга қўйилгани алоҳида қайд этилди. Гуманитар йўналишда ўтган йили Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари муваффақиятли ўтказилди.

Томонлар турли йўналишларда ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаб, эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

ℹ️ Ўрта йўлак — Транскаспий халқаро транспорт йўналишининг (ТХТЙ) иккинчи номи. У Хитой-Қозоғистон чегарасидан Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия орқали ва ундан кейин Европа давлатларига бориб тақалади. Ташиш темир йўл ва денгиз транспортини (Каспий денгизи бўйлаб) ўз ичига олади. Йўналиш узунлиги 11 минг км, ўтказиш қуввати йилига 4,5 миллион тоннадан 27 миллион тоннагача. ТХТЙ 2017 йили иш бошлаган.

2022 йил декабрида Ўзбекистон Европага юк жўнатиш учун илк бор Ўрта йўлакдан фойдалангани хабар қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ