Назарбоевнинг ўртанча қизи Динара Қулибаева томонидан асос солинган Нурсултон Назарбоев номидаги таълим фондига қарашли Қозоғистон-Британия техника университетининг давлат тасарруфига ўтказилишига эътироз билдирди, деб ёзади ORDA.kz ташкилот матбуот хизматига таяниб.
Фонд 2018 йили очиқ тендерда ҚБТУ акцияларининг 100 фоизини сотиб олганини таъкидлайди. Бундан ташқари, университет «инқироз ҳолатида» сотиб олинган ва уни ривожлантириш учун 18 миллиард тенге (тахминан 37 миллион доллар) сарфланган.
Шу йил 27 февралидан бошлаб Нурсултон Назарбоев номидаги таълим фонди университет акциядорлари рўйхатидан чиқарилган. Ташкилотнинг таъкидлашича, бу «суд қарори билан, фонд иродасидан қатъи назар» содир бўлган ва энди бу қарорни «қонун доирасида» бекор қилмоқчи.
Қозоғистон-Британия техник университети 2000 йили ташкил этилган бўлиб, унинг таъсисчилари Қозоғистон ҳукумати, Буюк Британиянинг ҚРдаги элчихонаси ва Британия Кенгаши бўлган. 2003 йилдан бери «Казмуйгаз» олийгоҳнинг ягона акционери бўлган. 2010-2011 йиллари учта илмий институт ҚБТУга ўтказилган. 2018 йили университет Нурсултон Назарбоев номидаги таълим фондига сотилган. Ўтган йили прокуратура ушбу битимни бекор қилишга урингани хабар қилинганди.
ҚБТУ ҳар йили Қозоғистондаги энг яхши университетлар рейтингидан ўрин олади. Университет биноси Олмаотанинг марказида жойлашган. У 1957 йили, советлар даврида қурилган. Дастлаб бинода Қозоғистон ССР Министрлар кенгаши, кейинчалик Қозоғистон парламенти фаолият юритган.
КазТАГ агентлиги таъкидлашича, университет эгасини ўзгартириш тўғрисидаги қарор бинода содир бўлган ёнғиндан сўнг икки ой ўтгач қабул қилинган. 11 январь куни кечқурун ёнғин содир бўлган, унинг майдони 120 квадрат метрни ташкил этган.