Олмаотада БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистонни ривожлантириш маркази очилади

Getty Images фотосурати

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Марказий Осиё ва Афғонистон учун барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказ яратади. БМТ Бош Ассамблеяси 4 март куни тегишли резолюцияни бир овоздан қабул қилди, дея хабар берди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги (бу республика ҳужжат ташаббускори бўлган).

Марказ Олмаота шаҳрида фаолият юритади. Илгари Президент Қосим-Жомарт Тўқаев уни БМТнинг 18 та агентлиги фаолият юритаётган Халқаро ташкилотларнинг янги биноси негизида жойлаштиришни таклиф қилган эди.

Оқўрда қабул қилинган резолюцияни «Қозоғистоннинг муҳим ташқи сиёсий муваффақияти» деб атади.

«Давлат раҳбари Қозоғистон ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун барча ҳамкорларга миннатдорлик билдирди. Президент БМТ Минтақавий хаби минтақадаги халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун муҳим платформага айланишига ишонади», — деб ёзади Тўқаев матбуот хизмати.

Қозоғистон президенти илк бор 2019 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессиясидаги нутқида Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказни Олмаотада жойлаштиришни таклиф қилган эди. Кейинчалик у ўз таклифини бир неча бор такрорлаган, хусусан, БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида. 2023 йили Тўқаев ушбу ташаббусга қайтган ва БМТ шафелигида афғон халқига ёрдамни ошириш зарурлиги ҳақида гапирган.

Маълум қилинишича, марказ «БМТ тузилмаларининг фаол иштирокида» иш юритади ва минтақа давлатларининг саноат, машинасозлик ва қишлоқ хўжалиги бўйича қўшма лойиҳаларини бирлаштириши лозим.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ