«Қозоғистоннинг энг ёш миллионери» янги жазо муддатини олди

@abimarat фотосурати

Остонада «Келажак архитекторлари» фонди асосчиси Марат Абиевга нисбатан янги ҳукм чиқарилди, дея хабар беради Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги матбуот хизмати. Тадбиркор уюшган жиноий гуруҳ тузиш, контрабанда ва нефть билан ноқонуний фаолият юритишда айбдор деб топилиб, тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилган. Шунингдек, у умрбод давлат лавозимларида ишлаш, беш йил давомида жамоат бирлашмаларини тузиш ёки уларга раҳбарлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Абиевнинг шериклари (Антон Новицкий, Жанибек Дарибаев, Евгений Гребнев, Аманай Махметов) саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Айбланувчиларнинг 180 миллион тенге (363 минг доллар) қийматидаги мол-мулки, шунингдек, ёқилғи-мойлаш материаллари контрабандасидан ишлаб топган 6 миллиард тенгедан (12 миллион доллар) ортиқ маблағи мусодара қилинган.

Тергов маълумотларига кўра, маҳкумлар 2018 йилдан 2022 йилгача Ақтўбе вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводида ЕОИИ ҳудудида сотилиши тақиқланган «К-2» экологик тоифали дизел ёқилғиси ишлаб чиқаришни ташкил қилиб, бошқа ёқилғи номи остида сотишган. Уларнинг бир қисмини контрабанда орқали чет элга олиб чиқишган.

«Таъкидлаш жоиз, нефть маҳсулотларининг ноқонуний айланишидан олинган жиноий даромадлар «Genesis» (ёки «Келажак архитекторлари») ноқонуний жамоат бирлашмаси фаолиятини молиялаштиришга ишлатилган, ушбу ишни ташкил этиш ва бошқариш учун Марат Абиев 2023 йил 21 августда 7 йилга озодликдан маҳрум этилган эди», — дейилади агентлик хабарида.

Марат Абиев — қозоғистонлик тадбиркор, «Қозоғистон орзуси» китоби муаллифи, уни республикадаги энг ёш миллионер деб аташган. Илгари у қишлоқ хўжалиги ва қувур ишлаб чиқариш билан боғлиқ бизнес лойиҳаларини бошқарган. Абиев турли интервьюларида «ҳомийсиз» ишлаётганини бир неча бор айтган, бироқ Қозоғистоннинг қатор оммавий ахборот воситалари, жумладан, Orda.kz уни биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг қариндошлари билан боғлаган.

2022 йил 26 ноябрь, президент Қосим-Жомарт Тўқаев инаугурацияси куни Абиев Остонада рухсат этилмаган марш ўтказган, унда 300 га яқин одам қатнашган. Бунинг учун тадбиркор 15 кунга ҳибсга олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ