Ўзбекистон ФВВ раҳбарининг ишдан кетишига бюрократия ва қонун бузилишлари сабаб бўлган

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Абдулла Қўлдошевнинг истеъфога чиқишига бюрократия ва қонун бузилишлари сабаб бўлган. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида айтиб ўтди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ФВВ раҳбари ва унинг ўринбосарлари вазирликда бюрократия кучайгани, қурилишга рухсатномалар бериш ва объектларни қабул қилишда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилгани учун ишдан бўшатилган.

Масалан, аҳолига ер бериш жараёнида фуқаролар ҳоким ва ўнга яқин идоралар ўртасида сарсон бўлиб юришган. Умуман, бу соҳа коррупция «ўчоғи»га айланган.

Мирзиёев қурилиш соҳаси энг коррупциялашган соҳалардан бири бўлгани, «Шаффоф қурилиш» дастури жорий этилганидан сўнг бу йўналишда ҳам ижобий ўзгаришлар сезилаётганини таъкидлади.

«Илгари инвестиция дастурига кирган объектларни қурадиган пудратчилар мингтага ҳам етмасди. Ўтган йили 13,5 мингта объект қурилишида 4 мингдан зиёд пудратчи иштирок этди. Соҳа рақамлашгани ҳисобига ўтган 4 йилда 3,6 триллион сўм бюджет маблағи тежалди», — деди президент.

ℹ️ 2022 йил март ойидан буён Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари лавозимида ишлаб келган Абдулла Қўлдошев 2025 йил февраль ойи охирида лавозимидан озод этилди. Бу постни Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Ботир Қудратхўжаев эгаллади. Унинг ёрдамчилари этиб Хуршид Сотиев ва Нуриддин Қодиров тайинланди. Биринчиси фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, иккинчиси маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар бўлимига раҳбарлик қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ