«Жашыл мурас» («Яшил мерос») миллий акцияси доирасида 2025 йили Қирғизистонда 8,5 миллиондан ортиқ кўчат экиш режалаштирилган. Бу ҳақда «Биринчи радио» эфирида Табиий ресурслар, экология ва техника назорати вазирлиги биоресурслар бошқармаси бошлиғи Қумар Мамбеталиев маълум қилди.
Суҳбат чоғида Мамбеталиев экилган дарахтларнинг ҳаммаси ҳам илдиз отмаганини таъкидлади.
«Иқлим ўзгариши шароитида қаерда ва қайси кўчат яхшироқ илдиз отиши мумкинлигини олдиндан айтиб бўлмайди... Ўрмон хўжалиги питомниклари масаласи кўтарилмоқда, шу ҳудудларда етиштирилган кўчатларни экишни тавсия қиламиз. Масалан, Норинда экилаётган бўлса, айнан шу ҳудудда етиштириладиган кўчатларга устунлик бериш керак» – деб тушунтирди расмий.
Унинг сўзларига кўра, «экиш тартибсиз олиб борилгани учун кўчакларнинг униб кетиши даражаси паст, чорвачилик эса ҳали илдиз отмаган кўчатларнинг деярли биринчи душмани ҳисобланади». Шу боис жойларда игнабаргли ва баргли дарахтлар кўчатларини ва уларни экиш учун мақбул муддатларни тавсия этадиган штаблар ташкил этилган. Кўчатлар унишини яхшилаш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш, жумладан, чорва молларининг шикастлашидан ҳимоя қилиш учун тўсиқлар ўрнатиш, мунтазам суғоришни таъминлаш ва ёш дарахтларни доимий парвариш қилишни ташкил этиш режалаштирилган.
ℹ️ «Жашыл мурас» миллий акцияси 2022 йили бошланган. Табиий ресурслар вазирлиги сайтида 2022 йили мамлакатда 8,1 миллион дона, 2023 йили эса қарийб 6,5 миллион дона кўчат экилгани маълум қилинган. Шу билан бирга, Биоресурслар департаменти турли рақамларни келтирган. Департамент вакили Канат Дабаевнинг сўзларига кўра, 2022 йили Қирғизистонда 5,3 миллиондан сал кўпроқ дарахт экилган бўлиб, уларнинг 73 фоизи томир отган. 2023 йили 7,6 миллионга яқин кўчат экилган, уларнинг 64 фоизи илдиз отган. 2024 йили экилган 8 миллион дарахтнинг 64 фоизи унган.