Қарағанда суди «АрcелорМиттал Темиртау» АЖ (ҳозирги Qarmet) га қарашли Костенко номидаги конда содир бўлган портлаш ва унинг оқибатида 46 нафар кончининг ҳалок бўлгани фактига оид жиноий ишни кўриб чиқишни бошлади, деб ёзади Tengrinews.kz.
Дастлабки суд мажлиси Қарағандадаги тергов ҳибсхонасида бўлиб ўтмоқда. Эрталаб махсус иншоот ҳудудига жабрланганлар – ҳалок бўлган кончиларнинг қариндошлари, шунингдек, ишда гумон қилинаётганларнинг яқинлари йиғилди.
Айланувчилар курсисида жами 10 киши бор — кон раҳбарлари ва муҳандис-техник ходимлар. Улардан бирининг четга чиқиши тақиқланган, қолганлари ҳибсда. Уларнинг барчаси кон ишларида хавфсизлик қоидаларини бузганлик ва эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлганлик моддаси (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми) бўйича айбланмоқда. Ушбу модда учун максимал жазо саккиз йил қамоқ жазоси ҳисобланади.
Жиноий иш материаллари 106 жилддан иборат. Тергов маълумотларига кўра, фожиага тоғ-кон ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларининг кўп бузилиши сабаб бўлган. Кўмир қазиб олиш майдончасидаги портлаш кўмир чанг портлашларининг занжирли реакциясини келтириб чиқарган, уларнинг концентрацияси рухсат этилган даражадан ошиб кетган. Иш бўйича 74 киши жабрланувчи сифатида тан олинган.
Костенко номидаги конда портлаш 28 октабрь куни маҳаллий вақт билан 02:33 да содир бўлган. Ундан олдин ёнғин чиққан. Фавқулодда ҳодиса натижасида 46 нафар кончи ҳалок бўлган, яна 28 нафари жароҳат олган. Фожиадан кейин «АрcелорМиттал Темиртау» давлат мулкига ўтказилгани маълум бўлди.