Афғонистон ҳукумати кўкнорини фойдали экинлар билан алмаштиришини эълон қилди

Афғон деҳқони заъфарон гулини ҳидламоқда. sluphojo.wordpress.com сайти фотосурати

Ислом амирлиги (толиблар* Афғонистонни шундай атайди) раҳбарининг кўкнори етиштиришни тақиқлаш тўғридаги фармони бутун мамлакат бўйлаб қатъий ижро этилмоқда. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили Мисбаҳуддин Мустаин маълум қилди, дея хабар беради TOLOnews.

Ҳозирда Афғонистоннинг ҳеч бир ҳудудида кўкнори етиштирилмайди, дея таъкидлайди Мустаин. Унга кўра, фермер хўжаликларига кўкнори етиштиришнинг муқобил турлари билан таъминлаш дастури доирасида вазирлик томонидан деҳқонларга заъфарон, хинг, пахта, канакунжут, алоэ вера, кунжут каби экинларнинг уруғ ва кўчатлари тарқатилган. Турли вилоятларда цитрус боғлари ташкил этилиб, вазирлик фермерлар учун янги экинлар етиштириш бўйича ўқув дастурларини йўлга қўйган.

Мустаин муқобиллар орасида нафақат доривор ўсимликлар, балки асал ва нок каби иқтисодий жиҳатдан фойдали маҳсулотлар етишритишни ҳам таъкидлайди. Иқтисодий таҳлилчи Абдул Заҳур Мадабарга кўра, Афғонистонда заъфарон, қизилмия, писта, ёнғоқ, узум ва анор етиштириш учун қулай иқлим мавжуд. Бу экинларнинг ҳар бири мамлакат иқтисодиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшиши мумкин, дейди таҳлилчи.

Шунга қарамай, айрим фермерлар кўкнори ўрнига буғдой уруғи ваъда қилингани, бироқ бу ҳали амалга ошмаганидан шикоят қилишмоқда. Бошқалар эса ҳукуматдан мамлакат бўйлаб фермерларга 100 минг тоннага яқин яхшиланган уруғ ва 200 минг тонна ўғит тарқатиш ҳақидаги ваъдасини бажаришни сўрамоқда.

ℹ️ Таҳлилчиларнинг фикрича, 2022 йил апрель ойида кўкнори етиштиришга тақиқ жорий қилинганидан бери Афғонистонда экин майдонлари 85 фоизга қисқарган. Бироқ, айрим ҳудудларда ўсиш кузатилмоқда: масалан, Бадахшон вилоятида кўкнори экиладиган майдонлар 13803 гектардан 15391 гектарга кўпайган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (НЖБ) Афғонистонда афюн ишлаб чиқариш ўтган йили 95 фоизга камайганидан сўнг 2024 йили 19 фоизга ошганини маълум қилди. Жорий текширувда ишлаб чиқариш даражаси 2022 йил даражасидан сезиларли даражада паст экани қайд этилган. Ўз навбатида, толиблар БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси келтирган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаб, улар мамлакатнинг янги ҳукумати кўкнори экинларини йўқ қилиш кампаниясини амалга оширишдан олдин тўпланганини тахмин қилишади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?