Қозоғистонда собиқ вазир Бишимбаевнинг колониядан қочиб кетганига оид хабар рад этилди

Қуандиқ Бишимбаев. eg.ru сайти фотосурати

Қозоғистон Жиноят-ижроия тизими қўмитаси судланган собиқ вазир Қуандиқ Бишимбаевнинг колониядан қочиб кетгани ҳақидаги маълумотни рад этди. Ички ишлар вазирлиги текширилмаган маълумот тарқатганларни жазоламоқчи, деб ёзади «Курсив.kz».

«Ижтимоий тармоқларда судланган Бишимбаев Қ.нинг қочиб кетгани ҳақидаги ёлғон маълумотлар тарқалмоқда. Бу маҳкум жазони қаттиқ режимдаги муассасада ўтамоқда. Сизга шуни маълум қиламизки, ушбу ёлғон маълумотни тарқатиш юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва айбдорлар жавобгарликка тортилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Охирги кунларда ижтимоий тармоқлар ва Телеграм каналларида Бишимбаевни қозоқ колонияларида топилмаётганига оид миш-мишлар тарқалди. Ҳаммаси YouTubeдаги AIRAN канали Бишимбаев турмуш ўртоғи Салтанат Нукенова ўлдирилишининг бир йиллиги муносабати билан махсус репортаж тайёрлаганидан бошланади. Унда журналистлар шов-шувли ишнинг тергови ва собиқ Миллий иқтисодиёт вазирининг 24 йиллик қамоқ жазоси билан якунланган суд жараёнини эсга олишган. Бишимбаев жазони Оқмўла вилояти Аршали қишлоғидаги қаттиқ тартибли колонияда ўташи тахмин қилинган эди. AIRAN мухбири муассасага борган, бироқ у ердагилар «Бишимбаевни кўрмаганликларини» айтишган. Бироқ, бу билан репортаж тугамайди – журналист маҳкум Степногорскдаги 5-муассасада бўлиши мумкинлиги ортидан у ерга ҳам борганини маълум қилган, бироқ колония раҳбарияти банд эканини баҳона қилиб, журналистга пешвоз чиқмайди, шу билан ушбу маълумот тасдиқланмай қолган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Бауржан Мусиннинг ORDA.kz нашрига кейинроқ маълум қилишича, Бишимбаев ҳақиқатан ҳам Степногорскдаги 5-сонли муассасанинг «тўртинчи отрядида» жазони ўтамоқда. «Мамлакатимизда жазони ўташ жойи бошқа нарсалар қатори биноларнинг бандлик даражасига қараб танланади. Фақат унинг қариндошларига одам қаерда ўтириши айтилади, ахлоқ тузатиш инспекцияси бу ҳақда жамоатчиликка маълумот беришга мажбур эмас», — дея қўшимча қилади у.

13 май куни Остона шаҳрида Бишимбаев турмуш ўртоғи Салтанат Нукенованинг ўлдирилиши билан боғлиқ шов-шувли суд ниҳоясига етди. Суд ҳакамлар ҳайъати иштирокида ўтказилди. Собиқ вазир устидан маҳкама жараёни пайтида Қозоғистонда оиладаги зўравонликка қарши жиноий жавобгарлик жорий этилишига оид қонун қабул қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?