Мирзиёев Шарқий Қуддусни Фаластин пойтахти деб тан олинишини ёқлаб чиқди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Яқин Шарқдаги низонинг ягона ечими – халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузишдир. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

Мирзиёев сўнгги ойларда халқаро вазият сезиларли даражада кескинлашганини таъкидлади.

«Бу ўринда гап, энг аввало, Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар ҳақида бормоқда. Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумларни, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни ҳам кескин қоралаймиз», — деди Ўзбекистон президенти.

Мирзиёев келаси ҳафта Ар-Риёдда бўлиб ўтадиган араб-мусулмон давлатлари саммитида «бу муаммога аниқ сиёсий ечим топилишига» умид билдирди.

ℹ️ Фаластинликлар 1988 йил ноябрь ойида пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган Фаластин давлати тузилганини эълон қилди. Шу билан бирга, СССР Фаластин давлатини расман тан олди ва 1990 йили Москвада Фаластин давлатининг элчихонаси очилди. 1992-2000 йиллари Фаластинни Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Грузия ва бир қатор Лотин Америкаси давлатлари тан олган. 2012 йил ноябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси 67/191 резолюциясини қабул қилди, унга кўра Фаластинга БМТ ҳузурида кузатувчи давлат мақоми берилди. 2024 йил июнига келиб, БМТга аъзо 193 та давлатдан 146 таси Фаластинни давлат сифатида тан олишини эълон қилди.

1948-1949 йиллардаги араб-исроил уруши натижасида Қуддус шарқий қисмини ўз назоратига олган Трансиордания (ҳозирги Иордания) ва ғарбий қисмини олган Исроил ўртасида бўлинган. 1967 йилги Олти кунлик уруш пайтида Исроил бутун шаҳар устидан назоратни қўлга киритган.

1950 йил январь ойида Исроил Қуддусни ўзининг пойтахти деб эълон қилди ва ҳукумат идораларини унинг ғарбий қисмига кўчирди, 1980 йил 30 июлда эса Қуддусни «ягона ва бўлинмас пойтахт» деб атади.

Шаҳарнинг шарқий қисмидаги Исроил суверенитети БМТ ёки халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаган. 2017 йил 6 декабрь куни ўша пайтдаги президент Дональд Трамп бўлган Қўшма Штатлар Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олганини ва Тел-Авивдан ўз элчихонасини у ерга кўчирганини эълон қилди. Икки ҳафта ўтгач, БМТ Бош Ассамблеяси 128 овоз билан Қуддуснинг Исроил пойтахти сифатида тан олинишини қоралади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?