Ўзбекистонда маърифий фаолиятни ноқонуний амалга оширганлик учун жарима белгиланади

buro-akzent.ru сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритилди, унга кўра, маърифий фаолиятни ноқонуний амалга оширганлик учун жарима белгиланади. Тегишли қонун мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган, бироқ ҳужжат уч ойдан кейин – 2025 йил 6 февралдан кучга киради.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 59-4-модда (маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини бузиш) киритилди. Унга кўра, бундай фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан маърифий фаолиятни амалга ошириш ёки маърифий фаолиятни амалга ошириш учун қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя қилмаслик фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1,875 млн сўмдан 3,75 млн сўмгача), мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача (3,75 млн сўмдан 5,625 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, пул жазоси оширилади.

Шу билан бирга, «Таълим тўғрисида»ги қонунга давлат стандартлари доирасидан ташқари педагогик фаолиятни амалга оширувчи репетиторлар, тренерлар, маърузачилар, бизнес тренерлар ва бошқа фуқаролар фаолиятини тартибга солишга қаратилган ўзгартиришлар киритилди.

Маърифий фаолият Ўзбекистон ҳукумати томонидан белгиланадиган талаб ва шартларни ҳисобга олган ҳолда республика ижро ҳокимияти органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Бундан ташқари, қуйидагилар учун мазкур фаолият билан шуғулланиш тақиқланади:

✔️ жиноят ишларига алоқадор шахслар;

✔️ психиатрия ёки наркология муассасаларида рўйхатга олинган шахслар;

✔️ бир қатор моддалар, жумладан, жинсий эркинликка қарши ва фирибгарлик бўйича жиноятлари олиб ташланмаган ёки жазоси ўталмаган шахслар.

Қонун муқаддимасида таъкидланганидек, унинг долзарблиги сўнгги пайтларда, айниқса ёшлар ўртасида носоғлом тарбиявий ишлар кўпайиб бораётгани, улар доирасида аҳолининг онги, маданияти ва ҳиссиётига турли ёт қарашлар ва ғояларнинг сингдирилаётгани билан боғлиқ.

ℹ️ Мазкур ташаббус «Миллий тикланиш» партияси томонидан ишлаб чиқилган. Унинг вакиллари тушунтиришича, қонун қандай қилиб осон пул топишни ўргатишга ваъда бераётган лекторларга қарши курашиш учун мўлжалланган. Интернетда бундай одамлар кўпинча инфо-лўлилари ёки инфо-фирибгарлари деб аталади.

Масалан, ўтган йил октябрь ойида Республика ИИВ томонидан йирик миқдорда фирибгарликда гумон қилинаётган бизнес-мураббий Ислом Иброҳимов қидирувга берилган эди. ОАВ маълумотларига кўра, бу фуқаро мамлакатнинг турли ҳудудларида «Қандай қилиб бизнесда муваффақият қозониш ва бойиб кетиш мумкин» мавзусида пуллик курслар ўтказгани билан танилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?