Қирғизистон президенти «Клооп Медиа» жамоат фонди тугатилишига изоҳ берди

Садир Жапаров. kloop.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда машҳур оммавий ахборот воситаларини бошқараётган «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатилиши республикада сўз эркинлигига ҳеч қандай таъсир қилмаслигини маълум қилди. Давлат раҳбари бу фикрни «Кабар» миллий ахборот агентлиги билан суҳбатда билдирди.

«Биз 30 йил давомида анархияни демократия, ғийбатни сўз эркинлиги ўрнида қабул қилдик. Ҳозирда эса, жамият бу касалликлардан фориғ бўлмоқда. Бизда ҳар доим сўз эркинлиги бўлган ва бўлади ҳам»,деди президент фонднинг ёпилиши ҳақида.

Жапаров «Клооп Медиа» тугатилганлигини кўплаб қирғизистонликлар қатори оммавий ахборот воситаларидан билганини қўшимча қилади. У Олий суд қарорини қўллаб-қувватлашини яширмаган.

Мамлакат раҳбарига кўра, «Клооп» журналистлари кимнидир қоралаш мақсадида бир томонлама суриштирувлар ўтказган.

«Бу каби қарорларни судялар шундоққина қабул қилишмайди. Барча уларнинг ёлғон маълумотлар тарқатганининг гувоҳи бўлди»,деди президент.

Шу билан бирга, Жапаров ҳар қандай журналист текширувларини қўллаб-қувватлашини, аммо ОАВ ишни холис ва ҳар томонлама ёритиши кераклигини айтди. Президент сўзларига кўра, ҳукумат матбуот ишини кузатиб боради ва агар кимдир ўғирлик ёки коррупция билан шуғулланса, у жазога тортилади. Шу маънода матбуот давлатга ёрдам беради.

«Аммо кўпинча биз бир томонлама, манфаат йўлида биров қораланаётганини кўрамиз. Албатта, биз бундайларни қўллаб-қувватлай олмаймиз»,дея хулоса қилади Жапаров.

«Кабар» илтимосига кўра, у хорижда яшаётган журналист Болот Темиров ўтказаётган терговларни ҳам баҳолади. Президент «ит ҳурар, карвон ўтар» мақолини келтириб, ушбу муаллиф ишига эътибор бермаслигини тан олди.

Август ойи охирида Қирғизистон Олий судининг судлов ҳайъати Бишкекнинг Октябрь туман судининг «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатиш тўғрисидаги қарорини кучда қолдирганига оид хабар берилганди. «Клооп» асосчиси Ринат Тухватшин Олий суд қарорини кутилган воқеа, деб атади ва шунга қарамай, ўқувчиларни нашр ўз ишини давом эттиришига ишонтирди.

ℹ️ Бишкек прокуратураси «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатиш тўғрисида 22 август куни бирданига иккита — Октябрь ва Первомайский туман судларига даъво аризаси киритганди. Назорат маҳкамаси ташкилот «уставдан ташқари фаолият олиб бораётганини» таъкидлаган. Шу билан бирга, баёнотда оммавий ахборот воситаларининг нашрлари «амалдаги ҳокимият сиёсатини кескин танқид қилишга қаратилганига» урғу берилган.

2024 йил 9 февралда Октябрь туман суди прокуратуранинг «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатиш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантирди.