Назарбоевнинг жияни яхши хулқ-атвори ва активларини давлатга қайтаргани учун колониядан озод этилди

vlast.kz сайти фотосурати

Уст-Каменогорскнинг 2-суди Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни, судланган Қайрат Сатибалди (Сатибалдиули)нинг жазони ўталмаган қисмини енгилроқ жазога алмаштириш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирди, деб хабар беради Tengrinews.kz. суд матбуот хизматига таянган ҳолда.

Қолган жазо озодликни чеклаш билан алмаштирилди.

«Сатибалдиули ўртача оғирликдаги ва оғир жиноятларни содир этган. У жазо муддатининг 1/3 қисмини ўтаган. Ахлоқ тузатиш муассасаси маъмурияти маҳкумни ижобий тавсифлайди, тарбиявий тадбирларда фаол иштирок этгани учун рағбатлантирилган, маҳкумларнинг ихтиёрий ташкилотига аъзо бўлган. Жиноятлари натижасида етказилган зарар тўлиқ қопланган. Суд ҳукми билан ундирилган суммалар (процессуал харажатлар, мажбурий тўлов) тўланган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, суд маҳкумнинг илтимосномасини қаноатлантиради ва жазонинг ўталмаган қисми 3 йил 3 ой 7 кун муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилади», — дейилади хабарда.

Сотибалдига нисбатан пробацион назорат ўрнатилган. Агар у ишга кирмаса, мажбурий меҳнатга жалб қилинади. Шунингдек, Сотибалди пробация хизматини хабардор қилмасдан доимий яшаш жойини ўзгартирмаслик ва унинг тузатилишига ҳисса қўшадиган «бошқа вазифаларни» бажаришга мажбур, дейилади суд қарорида. Агар кўрсатмалар бузилса, собиқ президентнинг жияни колонияга қайтарилади.

Қарор ҳали кучга кирмаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил декабрь ойида Сотибалди шартли равишда озод этишларини сўраб ариза берганди, бироқ суд «маҳкумнинг хатти-ҳаракати бенуқсон эмаслиги» билан изоҳлаб, уни рад этганди.

Қайрат Сатибалди автоҳалокатда ҳалок бўлган Қозоғистон биринчи президентининг укаси Сатибалди Назарбоевнинг ўғли. Йиллар давомида у КНБда хизмат қилган, сиёсат ва бизнес билан шуғулланган, Қозоғистоннинг энг бой одамларидан бири бўлган.

Бизнесмен 2022 йил март ойида ҳибсга олинган. Унга мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва «Қозоқтелеком» ва «Транспорт сервис маркази» акциядорлик жамияти маблағларини ўта йирик миқдорда ўғирлаш айби қўйилган. Ўша йил сентябрь ойида суд Сотибалдини олти йилга озодликдан маҳрум қилган. Тадбиркорга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш ва божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш айблари ҳам текширилган. У ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, давлатга етказилган зарарни қоплашга ваъда берган.

Куни кеча Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати Сатибалди икки йил давомида 32,8 миллиард тенге ёки 1,6 миллиард доллардан ортиқ ноқонуний йўл билан сотиб олинган мол-мулкларини давлатга қайтаргани ҳақида хабар берганди.