Қозоғистонлик банкир Татишев ўлимида айбдор деб топилган шахс шартли равишда озодликка чиқарилади

Карим Масимов, Муратхон Тўқмади, Мухтар Аблязов. kaztag.kz сайти коллажи

Банкир Ержан Татишев ўлими бўйича жазо муддатини ўтаётган қозоғистонлик тадбиркор Муратхон Тўқмади шартли равишда озодликка чиқарилади. Унинг илтимосномасини Конаев шаҳар суди қаноатлантирди, дея хабар беради КазТАГ.

Тадбиркорнинг колонияни қачон тарк этиши номаълум. Аввалроқ у Олмаотадаги аралаш хавфсизлик муассасасида сақланаётгани хабар қилинганди. Қолган маълумотлар махфий бўлган.

ТуранАлем Банк (ҳозирги БТА) бошқарувининг собиқ раиси Ержан Татишев 2004 йил 19 декабрда Ўтар станцияси ҳудудида ов пайтида вафот этган. Toyota Land Cruiser русумли автомашинада у бўриларни қувган ва уларга етиб олганда ёнида ўтирган тадбиркор Муратхон Тўқмадига қуролни узатган. Бу пайтда, терговнинг дастлабки версиясига кўра, машина дўмликка урилган ва қурол ўз-ўзидан ўқ узган. Ўқ банкирнинг бошига теккан ва у бир зумда ўлган, ўшанда бўлиб ўтган воқеа «бахтсиз ҳодиса» дея таснифланган.

2017 йил ёзида Тўқмади бошқа иш бўйича ҳибсга олинган, у товламачилик ва қурол сақлашда айбланган. У тергов билан келишувга эришган ва 10 октябрь куни уч йиллик қамоқ жазосини олган. Икки ҳафта ўтгач, Тўқмади КТК телеканалига берган интервьюсида 13 йил аввал банкир Татишевнинг бошига атайлаб ўқ узганини тан олган. Унинг таъкидлашича, қотилликка Мухтор Аблязов буюртма берган, зеро марҳум 1990 йиллар бошидан у билан бизнес юритган ва ТуранАлем банкини назорат қилиш борасида Аблязов билан зиддиятда бўлган

2018 йил баҳорида Тўқмади касалхонага ётқизилган ва у ерда қочишга уринган, бироқ бир кундан кейин қўлга олинган. Кейинроқ суд уни 10,5 йилга озодликдан маҳрум қилган.

2022 йил мартида, тартибсизликлар ва Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарияти истеъфога чиққанидан икки ой ўтиб, Тўқмади президентга очиқ хат йўллаб, унда қийноқлар остида ўзи-ўзи айблаблашга мажбур бўлганини айтган. Тадбиркорга кўра, Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Карим Масимовнинг одамлари уни қотилликни бўйнига олишга мажбурлаган. Тўқмадининг сўзларига кўра, қийноқлар МХҚ собиқ раиси «раҳбарлигида» амалга оширилган, унинг асосий мақсади «собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг асосий душмани» бўлган қочоқ банкир Мухтор Аблязовни экстрадиция қилиш бўлган.