ОТБ Тожикистонга Сарбанд ГЭСини модернизация қилиш учун 21 миллион доллар ажратади

Сарбанд ГЭСи. gidroproekt.uz сайти фотосурати

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Тожикистонга аввали объектни модернизация қилиш лойиҳасига киритилмаган Сарбанд ГЭСи энергия блокини янгилаш учун 21 миллион доллар миқдорида қўшимча грант ажратади. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизматига таяниб «Азия-плюс» нашри хабар берди.

Қайд этилишича, 2013 йили халқаро молия институти ГЭСдаги олти энергоблокдан бештасини алмаштириш учун 136 миллион доллар ажратган. Мазкур лойиҳа доирасида станциянинг тақсимлаш қурилмалари ҳам таъмирланган, «Рудакий» нимстанцияси ва электр тармоқлари қурилган.

Аммо 2019 йили механик жиҳозларнинг шикастланиши туфайли ГЭСни модернизация қилиш дастурига киритилмаган ягона энергоблок ишламай қолган. Энди ОТБ гранти ёрдамида бу агрегат ҳам алмаштирилади.

Ишлар якунлангач, Сарбанд ГЭСининг қуввати 240 мегаваттдан 274 мегаваттгача ошади.

Иншоотни 2026 йили тўлиқ таъмирлаш режалаштирилган.

Станция миллий ва минтақавий электр тармоқларини электр энергияси билан таъминлашни кўпайтиради, бу эса ҳам ички бозор ҳамда қўшни Афғонистоннинг электр энергиясига тўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.

«ОТБ қўллаб-қувватлаши инклюзив, барқарор иқтисодий ўсиш ва мувозанатли минтақавий ривожланишга кўмаклашиш орқали минтақа энергетика хавфсизлигини яхшилайди», — деди лойиҳа ҳақида Осиё тараққиёт банкининг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков.

ℹ️ Сарбанд ГЭСи Хатлон вилоятининг Левакант шаҳри яқинида, Вахш дарёсида жойлашган. Иншоот Вахш ГЭСлар каскади таркибига киради ва унинг олтинчи босқичи ҳисобланади. Станциянинг тирговуч иншоотлари Сарбанд сув омборини ташкил этади, унинг майдони 7,5 квадрат километрни ташкил этади. Биринчи гидроагрегат 1962 йили, қолган бештаси 1963 йили вақтинча ишга туширилган.

ℹ️ Тожикистон ОТБга 1998 йили аъзо бўлган. Ташкилот шу вақт ичида республикага энергетика, соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 2,6 миллиард доллардан ортиқ маблағлар, жумладан, 2 миллиард доллардан ортиқ грантлар ажратган.