Тожикистон Ислом маркази ҳижоб ва қора либосларга қарши фатво чиқарди

dushanbe-lyudi.bolgs.ru сайти фотосурати

Тожикистон аёллари ҳижоб ёки тор қора либосларга бурканмаслиги керак. Бу ҳақда Тожикистон Ислом маркази Уламолар кенгаши томонидан 26 июль куни чиқарилган «Миллий либослар тўғрисида»ги фатвода сўз юритилади.

Фатво мамлакатдаги мусулмон аёллари қандай миллий кийимда бўлишига оид кескин баҳс-мунозаралар фонида ёзилган. Ҳужжатни тайёрлашда уламолар ҳанафий ҳуқуқий мазҳаби қоидаларига таянганлар.

Қуръонга асосланган фатвода кийим инсон авратларини: эркаклар учун киндикдан тиззагача, аёллар учун юз, оёқ ва қўллардан ташқари бутун танани қоплаши лозимлиги таъкидланган.

Аёллар либоси тожик аёлларининг қадимдан кийиб келган рўмол, кўйлак ва лозимларидан иборат бўлиши керак. Бундай тўплам Ҳанафий мазҳабига тўлиқ мос келади ва кийимларнинг бошқа турларидан устун туради», — деб таъкидлайди уламолар.

Уларнинг таъкидлашича, исломда кийимнинг кесими ёки рангига қараб ҳеч қандай чекловлар киритилмаган. Турли рангдаги ва ранглар уйғунлигидаги кийимларни кийиш жоиз, аммо қора рангдан тийиниш лозим, зеро бу «динимиз нуқтаи назаридан фарз бўлмаган, миллий хусусиятларимиз ва географик шароитимизга тўғри келмайди», — деб тушунтиради уламолар.

Бундан ташқари, тор ёки ҳарир лисбосларни кийиш ҳам тавсия этилмайди.

«Жамият барқарорлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш, диний ва миллий одоб-ахлоқ меъёрларини ҳурмат қилиш мақсадида аҳоли маданиятимиз, динимиз ва миллатимизга ёт бўлган, шахсий манфаатни кўзлаб тарғиб қилинаётган кийимларни кийишдан тийиниши керак», — дейилади фатвода.

Аввалроқ мамлакат президенти Эмомали Раҳмон сатр ва ҳижобни тожиклар учун бегона, деб атаганди. «Одоб ва кийим-кечакда бегона унсурларга юз тутиш — тафаккур мустақиллигига, миллатнинг ўзлигига путур етказувчи маданий бегоналашувдир», — деганди Раҳмон.

Июнь ойида Тожикистон президенти диний байрамларда болаларни етаклаб олиб тиланчилик қилишни ўз ичига олувчи «идгардак» одати ва «бегона кийимлар»ни кийишни тақиқловчи қонунларни имзолаганди.