ИТБ Қирғизистонга «шариат меъёрлари» асосида ипотека кредитлари учун 79 миллион доллар ажратди

Адилбек Қосималиев ва Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир. Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати фотосурати

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Қирғизистон ҳукуматига «Шариат меъёрлари асосида арзон уй-жойни молиялаштириш» лойиҳаси доирасида 79 миллион доллар ажратди. Шу тариқа минглаб оилалар махсус ипотека кредити шартлари асосида квартира сотиб олади, деб хабар беради Марказий Осиё республикаси Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.

Тегишли ҳужжат Саудия Арабистонида бўлиб ўтган учрашувда Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Адилбек Қосималиев ва ИТБ президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир томонидан имзоланган.

Музокаралар чоғида томонлар соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт соҳаси каби бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилганлар. Келгусида «Қирғизистон ва Ислом тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорлик стратегияси» каби кенг кўламли ҳужжатни тузишга қарор қилинган.

Қосималиев суҳбатдоши эътиборини республика учун яна бир муҳим лойиҳа – Қамбар-Ота ГЭС-1 қурилишига қаратган. Унинг қайд этишича, мазкур станция Марказий Осиёдаги энг йирик энергетика объектларидан бирига айланади. Бош вазир ўринбосари ИТБ раҳбариятини лойиҳани молиялаштиришда иштирок этишга таклиф қилди.

Қирғизистон томони ҳамкорларни Бишкек ташаббуси билан июнь ойида Венада бўлиб ўтадиган Халқаро энергетика инвестиция форумига таклиф қилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Қамбар-Ота ГЭС-1 даги ишларни якунлаш учун маблағ топишдан иборат.

Ўз навбатида Ал-Жассир Қосималиевни объектга оид ҳужжатлар билан батафсил танишиб чиқиши ва станция қурилишига ИТБ маблағларини киритиш имкониятларини кўриб чиқишига ишонтирди.

Қирғизистон ҳукумати маълумотларига кўра, бугунги кунгача Ислом тараққиёт банки республикада умумий қиймати 500 миллион доллардан ортиқ бўлган 27 та лойиҳани амалга оширган. Умумий сармояси 200 миллион доллар бўлган яна бир қатор ташаббуслар амалга ошириш босқичида.

ℹ️ Шариат меъёрлари бўйича ипотека кредит фоизи мавжудлигини англатмайди, чунки Исломда судхўрлик гуноҳ ҳисобланади. Шу сабабли, бундай кредитлар доирасида банклар мусулмонларга кўчмас мулкни бўлиб-бўлиб сотиб олишни, активларнинг ишончли бошқарувини ўрнатишни ёки кейинчалик сотиб олиш шарти билан уйларни ижарага олишни таклиф қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ