Назарбоев фонди табиий офат пайтида ҳукуматни обрўсизлантиришга уринаётгани ҳақидаги айбловларни рад этди

Шимолий Қозоғистон вилоятидаги сув тошқини. akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев фонди кучли сув тошқини шароитида ҳокимиятни обрўсизлантириш ва мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга қаратилган кампания ташкил этганига оид даъволарни рад этади. Тегишли хабар 16 апрель куни фонд сайтида пайдо бўлди.

Хабарда Нурсултон Назарбоевнинг ҳар доим президент Қосим-Жомарт Тўқаев ва унинг сиёсий йўналишини қўллаб-қувватлаши таъкидланган. «Шу кунларда биринчи президент мамлакатимизнинг кўплаб фуқаролари каби тошқиндан жабр кўрган Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдиради. Биз давлат ва ҳукумат раҳбарининг мамлакатимиз ҳудудларида мисли кўрилмаган сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», — дейилади хабарда.

Фонд матбуот хизмати унинг фаолияти сиёсий ёки ахборот-манипуляция хусусиятга эга эмаслигини таъкидлайди. Бундан ташқари, хабарда айтилишича, фонд биринчилардан бўлиб зарар кўрган ҳудудлар аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун пул ўтказган.

Хабарда айтилишича, мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга уриниш ҳақидаги маълумотлар аноним манба томонидан тарқатилган ва алоҳида медиа вакиллари томонидан тилга олинган ва унда аниқ ким кўзда тутилгани кўрсатилмаган. Шунингдек, яқинда «Нурсултанский Соловей» Телеграм каналида фавқулодда ҳолат даврида амалдаги ҳукуматни обрўсизлантириш кампанияси ортида «Назарбоев фонди» ходимлари тургани ҳақидаги қатор постлар пайдо бўлган.

Бундан ташқари, Мажилис (парламент қуйи палатаси)нинг ҳукмрон Amanat партиясидан депутати Ерлан Саировнинг таъкидлашича, кенг кўламли табиий офат шароитида «эски Қозоғистон»нинг айрим вакиллари бу имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда.

Баъзи қозоғистонлик журналистлар BizBirgemiz Qazaqstan хайрия фонди раҳбари Перизат Қайратнинг Тўқаевга мурожаат қилиб, кейинроқ ўчириб ташлаган ижтимоий тармоқлардаги постларига эътибор қаратишган. Уларда волентер давлат идораларини сув тошқинлари пайтида ҳаракатсиз, жим турганини танқид қилган, президентни барча халқаро сафарларини бекор қилишга ва фавқулодда вазият жойига шахсан келишга чақирган.

Аввалроқ, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатдаги ҳозирги сув тошқинларини сўнгги 80 йилдан ортиқ вақт ичида содир бўлган энг йирик тошқин деб атаганди. Республиканинг бир қатор вилоятларида фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, март ойи бошидан буён хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинганлар сони 111 минг кишидан ошган. Бугун, 16 апрель куни давлат раҳбари сув тошқинидан жабр кўрган Шимолий Қозоғистон вилоятига амалий ташриф билан келган. У Петропавловскнинг сув босган ерларини, Қизилжар тумани ва Сергеевский сув омборини парвозда айланиб чиққан, шунингдек, маҳаллий аҳоли билан учрашган.

Учрашувда Тўқаев яна бир бор табиий офатдан жабрланганларнинг барчаси бир марталик нафақа олишини таъкидлаган. Комиссия баҳосидан сўнг маҳаллий аҳолига етказилган мулкий зарар учун товон пули тўланади. Уйларини тиклаш имкони бўлмаган аҳоли учун янги уй-жойлар қурилади, барча зарур инфратузилма билан таъминланади. Бундан ташқари, жабрланувчиларга кредит ва ссудалар бўйича кечиктирилган тўловлар тақдим этилади, деб хабар беради Оқўрда сайти. Президент, шунингдек, кейинги 10 кун ичида сув тошқинлари оғир бўлишидан огоҳлантирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ