«Туркман Гагарини» Москвада космик экспедицияларда олган фотосуратлари кўргазмасини ташкил этди

Кўргазма. «Роскосмос» матбуот хизмати фотосурати

10 апрель куни Тверской бульваридаги Россия Тинчлик фондининг Москва галереясида туркман-рус космонавти Олег Кононенконинг кўргазмаси очилди. Бу ҳақда «Роскосмос» матбуот хизмати хабар берди.

«Олег Кононенконинг «Самовий Одиссеяси» деб номланган кўргазмада фазогирнинг космик экспедициялар пайтида олган 64 та фотосурати ўрин олган.

«‎Менинг коинотга қилган барча экспедицияларим, айниқса, ҳозирги-мамлакатимиз учун шундай нозик даврда бўлиб ўтаётгани сайёрамиз гўзаллиги ва нафислигини ҳар қандай йўл билан сақлаб қолиш зарурлигига мени яна бир бор амин қилди. Санъат, айни дамда фотография ушбу мақсадга эришиш учун босиб ўтилиши керак бўлган йўллардан биридир», — деди Кононенко кўргазмага тайёргарлик пайтида Халқаро космик станциясидан.

Кўргазма 12 апрель — Космонавтика кунига бағишланган. Очилиш маросимида «Роскосмос» раҳбари Юрий Борисов иштирок этди, у Кононенко истеъдодига тан бераркан, фотосуратларни «ақл бовар қилмас» деб атади.

Кўргазма Россия Тинчлик фонди ва «Роскосмос» давлат корпорацияси томонидан Россия Рассомлар ижодий уюшмаси, Пётр Баришников номидаги санъат ва фотографияни ривожлантириш жамғармаси ҳамда ПроЛаб маркази кўмагида ташкил этилган. Фотосуратларни 1 июнгача томоша қилиш мумкин.

ℹ️ Олег Кононенко — Туркманистон ССРнинг Лебап вилоятида туғилган. Ўз ватанида уни «бизнинг туркман Гагаринимиз» деб аташади. Космонавт Туркманистон расмийлари билан доим алоқада. Улар Туркманободдаги хонадонида музей очишга қарор қилишди ва Кононенконинг ўзига 2023 йили Туркманистон Қаҳрамони унвони берилди.

Кононенко – «Роскосмос» космонавтлар гуруҳи қўмондони ҳисобланади. 4 февраль куни у коинотда бешта миссия (1998 йилдан 2015 йилгача) давомида жами 878 кун 11 соат 29 дақиқа 48 сония бўлган россиялик космонавт Геннадий Падалкани ортда қолдирди.

Ҳозирда Кононенко Халқаро космик станциясида ўзининг бешинчи узоқ муддатли экспедициясини ўтамоқда. 5 июнь куни Москва вақти билан 00:00:20 да унинг Ер орбитасида жами 1000 кун бўлган биринчи космонавт бўлиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ