Қозоғистон Россия ҳукумати томонидан қидирувга берилган шахснинг Европага учиб кетишига рухсат берди

Денис Козак. bureau.kz сайти фотосурати

Қозоғистон тергов изоляторида бир йил ўтирган 21 ёшли россиялик фаол Денис Козак 28 март куни эрталаб Олмаота халқаро аэропортидан Европа давлатларидан бирига учиб кетди. Бу ҳақда ҚХИҲБ (Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари бюроси) хабар берди.

«Козакга қочқин мақомини бериш тўғрисида илтимоснома илгари сурилди, суд уни рад этганидан сўнг ушбу қарор устидан апелляция шикояти берилди. Суд билан боғлиқ ишлар натижасида маълум бир сиёсий ва ҳуқуқий муросага эришилди: Қозоғистон Денис Козакга қочқин мақомини беришни лозим деб ҳисобламади, шунингдек уни Россияга экстрадиция қилишдан ҳам бош тортди»,дейилади ҚХИҲБ хабарида.

ℹ️ Денис Козак Қозоғистонга 2022 йил август ойида, унга нисбатан Россияда интернетда терроризмни омма олдида оқлагани учун жиноий иш очилганидан сўнг келган. Жиноий таъқибга Козак томонидан ижтимоий тармоқда 2018 йили Архангелск ФХХ (ФСБ) вилоят бошқармаси биносида содир этилган портлашга нисбатан берилган изоҳ бўлган. Агар Козак айбдор деб топилса, у етти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин эди.

2023 йил февралида Олмаота полицияси уни республикада яшаш қоидаларини бузгани учун ҳибсга олган. Тергов изоляторида бўлганида Козак қочқин мақомини беришлари сўраб ариза берган, бироқ рад жавобини олган.

«Жорий йилнинг 3 февралида Денис Олмаота тергов изоляторидан озод қилинди, кейин Европа давлати расмийлари ва миграция тузилмалари билан бир ярим ойлик музокаралардан сўнг у Қозоғистон тупроғини эсон-омон тарк этди», — дейилади ҚХИҲБ хабарида.

ℹ️ Январь ойида Россияда қидирувда бўлган бурятиялик журналист Евгения Балтатарова Қозоғистондан Францияга учиб кетишга муваффақ бўлганди. Яна икки россиялик фаол ҳибсда қолмоқда — якутиялик мусиқачи Айхал Аммосов ва москвалик Наталья Нарская. Ўтган йил ноябрь ойида улар Қозоғистонда бошпана излаётган шахс мақомига эга бўлганликлари тўғрисида гувоҳномаларни олишган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ