Ўзбекистонда археологик ёдгорликларга миллиардлаб сўм зарар етказилгани ҳолатлари аниқланди

Ўзбекистондаги археологик ёдгорлик. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Ўзбекистон Бош прокуратураси Маданий мерос агентлиги мутахассислари билан ҳамкорликда археологик ёдгорликларга шикаст етказилгани ва вайрон қилингани билан боғлиқ навбатдаги фактларни қайд этди. Бу сафар республиканинг учта вилоятида шундай ҳолатлар қайд этилган, деб хабар қилади назорат маҳкамаси матбуот хизмати.

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги V – VII асрларга оид «Каттатепа» археологик ёдгорлиги 876 м3 майдони фуқаролар томонидан молхона қуриш учун бузиб юборилиб, ёдгорликка 23,3 млрд. сўмлик (1,8 миллион доллар) зарар етказилганлиги аниқланган.

Худди шундай ҳодиса Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги ўрта асрларга оид «Толмазортепа» ёдгорлиги жойлашган ҳудудда қайд этилган. Бу ерда бир неча одамлар оғир махсус техникадан фойдаланиб, қўриқланадиган ҳудудининг бир қисмини вайрон қилган. Улар қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун 0,48 гектар майдон ажратишни режалаштиришган. 871 миллион сўм (69 минг доллар) миқдорида зарар қайд этилган.

Навоий вилоятида маҳаллий аҳоли томонидан археологик ёдгорлик тоифасига кирувчи ерлар ковлаб ташланганига оид бир қанча ҳолатлар қайд этилган:

👉 «Оқтепа-1» — 193 куб. Зарар – 2,6 млрд сўм (206 минг доллар);

👉 «Бадахшонтепа» — 164 куб. Зарар — 2,3 миллиард (182 минг доллар);

👉 «Ёмонқиёттепа» — 12 куб. Зарар – 163 миллион сўм (13 минг доллар).

Бош прокуратуранинг қўшимча қилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбдор шахсларга нисбатан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.