Ўзбекистон тарихидаги энг яхши тўпурар илк бор «Кальяри» дарвозасини ишғол қилди

Элдор Шомуродов. championat.com сайти фотосурати

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов Италия А сериясида «Кальяри» сафида «Салернитана»га қарши баҳсда дубл қайд этди. Ўзбекистонлик ҳужумчи жамоаси 4:2 ҳисобида зафар қучди.

Элдор иккинчи бўлимда 2:0 ҳисобида «Кальяри» фойдасига майдонга тушди ва 51-дақиқадаёқ жамоадаги илк голини урди. Бироқ, бу гол «Салернитана»ни ғазаблантирди ва у 56 ва 58-дақиқаларда «Кальяри» дарвозасига иккита гол урди. Аммо 76-дақиқада Шомуродов дубл қайд этиб, якуний ҳисобни ўрнатди.

«Кальяри» сафида илк голини уриш учун Шомуродов 15 учрашувда деярли 480 дақиқа ўйнашига тўғри келди.

Элдор ўтган йил августида «Рома»дан ижара асосида «Кальяри»га кўчиб ўтганди, аммо форварднинг янги жамоасидаги фаолияти яхши чиқмади. Ҳужумчи гол ура олмади ва мухлислар уни масхара қилишди ва ижтимоий тармоқларда уни «дарахт» ва «арвоҳ» деб аташди. Декабрь ойида Шомуродов жароҳат олиб, тарихдаги энг яхши тўпурар бўлган Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Осиё Кубогига бора олмаганди. Элдор фақат шу йилнинг март ойида жароҳатидан фориғ бўлди.

Элдор Шомуродов «Муборак Машъал» тарбияланувчиси ҳисобланади. 2015 йили Тошкентнинг «Бунёдкор» клубига кўчиб ўтган. 2017 йили у Ростовга таклиф қилинган ва у ерда барча расмий турнирларда 91 та ўйин ўтказиб, 18 та гол урган. 2020 йил октябрь ойида 7,5 миллион евро товон эвазига «Женоа»га кўчиб ўтди. У Генуяликлар сафида А серияда 31 та ўйин ўтказиб, 8 та гол урган.

2021 йил августида «Рома» ўзбекистонлик форвардни 17,5 миллион евро эвазига сотиб олди ва у билан 2026 йилгача шартнома имзолади. Мавсум якунига кўра римликлар А серияда олтинчи ўринни эгаллашди. Шомуродов 28та ўйинда майдонга тушди, шундан 23тасида ўзбекистонлик футболчи захирадан майдонга тушди. Унинг ҳисобида учта гол ва тўртта голли узатма бор. 2023 йил январида у «Специя»га ижарага берилди ва Элдор бу ерда 15 ўйин ўтказиб, битта гол урди. Мавсум якунида жамоа А Серияни тарк этди. Ўша йилнинг август ойида Элдор ижара асосида «Кальяри!га ўтди.

Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 68 та ўйинда майдонга тушиб, 38 та гол урган.