Ўзбек боксчиси WВА чемпионлик унвонини қўлга киритди ва «янги Головкин» номини олди

Исроил Мадримов ва Эдди Хирн. gazeta.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Исроил Мадримов ўсмирлар ўрта вазн тоифасида вакант бўлган WВА чемпионлик камари учун жангда аввал мағлуб бўлмаган россиялик Магомед Қурбоновни нокаутга учратди ва чемпионлик камарини қўлга киритди.

Мадримов бешинчи раунддаёқ рақибини техник нокаут билан мағлуб этди.

Эслатиб ўтамиз, фаолиятида битта мағлубиятга учраган Мадримов учун бу ғалаба ўнинчиси бўлди ва WВА чемпионлик унвони даражасидаги биринчи камар бўлди. Ўзбекистонлик жангчи аввалроқ WBA-Intercontinental камарини қўлга киритганди. Ўз навбатида Қурбонов учун бу фаолиятидаги илк мағлубият бўлди. Бунгача у кетма-кет 25 та ғалаба қозонган, шундан 13 тасини нокаут билан якунлаган.

«Бу ажойиб туйғу, мен бу лаҳзани анчадан бери кутгандим. Мен бу унвонни истагандим, ҳозир шу ердаман, бу камар меники ва мен Ўзбекистонга кетяпман. Бу менинг биринчи титулим, лекин менга тўртта камар керак (WВА чемпионлик унвонларидан ташқари, энг салмоқлиси WBС, WBO ва IBF унвонларидир. – «Фарғона» изоҳи), — деди Мадримов жангдан кейин.

Matchroom Boxing промоутери Эдди Хирн Исроил Мадримовни яқинда нафақага чиққан афсонавий қозоғистонлик боксчи, турли версиялар бўйича кўп карра чемпион Геннадий Головкин (42-2-1, 37 КО) билан солиштирди.

«Бу йигит ҳақиқий йиртқич! У янги Геннадий Головкин. У Қурбоновдан осонгина ўтиб кетди. Унинг исмини эслаб қолинг: ўзбекистонлик кучли спортчи Исроил Мадримов 154 фунт вазн тоифасида барча камарлар учун кураш олиб боради!» — деди Ҳирн.

Аввалроқ, март ойи бошида яна бир ўзбекистонлик боксчи Отабек Холматов енгил вазн тоифасида WВА йўналиши бўйича вакант бўлган чемпионлик унвони учун жангда америкалик Раймонд Фордга ютқазиб қўйганди.

Исроил Мадримов асли хивалик. 2017 йили Тошкентда бўлиб ўтган бокс бўйича Осиё чемпионати ғолиби, Осиё ўйинларининг икки карра кумуш медали совриндори. У 2018 йил ноябрь ойида профессионал боксга ўтганини эълон қилди. Мадримов профессионал рингдаги илк жангида мексикалик Владимир Эрнандесни техник нокаут билан мағлуб этди ва ўрта вазн тоифасида WBA Intercontinental ўсмирлар камарини қўлга киритди.