«Гулшан» ансамблининг асосчиси ва солисти Лайло Шарифи 95 ёшида вафот этди

Лайло Шарифи. bomdodrus.com сайти фотосурати

19 февраль куни Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида Тожикистон Давлат телерадиокомпаниясининг афсонавий «Гулшан» эстрада ансамбли асосчиси ва биринчи бадиий раҳбари Лайло Шарифи (Лейла Шарипова) вафот этди, деб хабар беради «Азия-плюс».

Тожикистон ва Озарбайжон халқ артисти 94 ёшида вафот этди.

«Шарипова қўшиқлар ижро этиш услуби билан бошқа санъаткорлардан ажралиб турарди, у эронча талаффуз билан куйларди ва Европа услубидаги либосларда саҳнага чиқарди», – дейди «Гулшан» гуруҳининг собиқ солистларидан бири Умар Зиёев.

ℹ️ Лейла Шарипова 1930 йил 28 январда Москва-Боку рейси бортида туғилган. Бокуда берилган туғилганлик гувоҳномасида туғилган жойи сифатида Москва кўрсатилган.

Хонанданинг отаси турк, Совет Озарбайжонида савдо-сотиқ билан шуғулланган, онаси эса эронлик озарбайжон бўлган. Кўп ўтмай, уларнинг қизи туғилгандан сўнг, оила Эроннинг Машҳад шаҳрига кўчиб ўтади, у ерда Шарипова ўсади ва кейинчалик ислоҳотчи Эрон Бош вазири Муҳаммад Мусаддиқ тарафдорига турмушга чиқади. 1953 йилги давлат тўнтаришидан сўнг Муссаддиқ ҳокимиятдан ағдарилгач, эр-хотин Тожикистон ССРга қочиб ўтади ва Эронга қайтиб келишмайди.

Душанбеда Шарипова давлат радиосида форсча дастурларда диктор бўлиб ишлаган ва мусиқа факультетида таҳсил олган, халқ чолғулари ансамблида солист бўлган.

1964 йили Тожикистон Давлат телерадиокомпанияси қошида «Гулшан» эстрада ансамбли ташкил этилиб, унга раҳбарлик қилиш учун Лейла Шарипова тайинланган.

1978 йилда турмуш ўртоғининг янги лавозимга тайинланиши муносабати билан қўшиқчи Бокуга кўчиб ўтади ва 1980 йилдан Озарбайжон телевидениеси ва радиосининг етакчи солисти бўлиб ишлайди. 1982 йили Шарипованинг эри саратон касаллигидан вафот этади. Уч йил ўтгач, у СССРни тарк этиб, Германияга кўчиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ