Колонияда тожик журналисти Улфатхоним Мамадшоеванинг соғлиғи ёмонлашгани маълум бўлди

Улфатхоним Мамадшоева. azda.tv сайти фотосурати

2022 йили Тоғли Бадахшонда бўлиб ўтган намойишлар бўйича ҳукм қилинган ва колонияда узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаётган ҳуқуқ фаоли ва журналист Улфатхоним Мамадшоеванинг соғлиғи ёмонлашди. Бу ҳақда маҳкум аёлнинг ҳамкасби Анора Саркорова ўзининг Телеграм-каналида Тожикистон адлия вазири Музаффар Ашуриёнга таяниб хабар берди.

Аниқлик киритилишича, 66 ёшли Мамадшоева гипертония касаллигидан азият чекади. Қамоқхона шифокорлари унга ёрдам беришмоқда, аммо журналист мутахассисларни жалб қилган ҳолда махсус даволанишга муҳтож. Аммо Республика Адлия вазирлигининг Жазони ижро этиш бошқармаси қамоқхонага «ташқаридан» шифокорларни киритмаяпти, деб ёзади Саркорова.

Улфатхоним Мамадшоева жазони Душанбедан 70 км узоқликдаги Нурек шаҳрида жойлашган мамлакатдаги ягона аёллар колониясида ўтамоқда. Маҳкум ўтган йил май ойида тергов изоляторидан бу ерга кўчирилган эди. Ўшанда тергов изоляторидаги тожикистонлик аёлни кўрган қариндошларига таяниб, у соғлиғидан шикоят қилмаётгани ва унинг ҳукмига қарши чиқишни режалаштирмаётгани маълум қилинганди.

ℹ️ Улфатхоним Мамадшоева Тожикистонда таниқли мустақил журналист ва фуқаролик фаоли. Сўнгги йилларда у «Фарғона» ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиб, ижтимоий-сиёсий мавзуларда, шунингдек, Тоғли Бадахшон тарихи, маданияти ва таниқли шахслари ҳақида мақолалар ёзган.

Журналист 2022 йил 18 майида, Тоғли Бадахшон автоном вилояти (ТБАВ) маъмурий маркази Хоруғдаги намойишдан икки кун ўтиб ҳибсга олинган. Расмийлар фаолни митинг ташкилотчиларидан бири қаторига киритиб, уни ҳукуматни ағдаришга оммавий чақиришда айблаган. Айбланувчининг ўзи мазкур айбловни абсурд деб атаган.

Ўша йилнинг 24 май куни «Тожикистон» давлат каналида «Шикасти фитна» («Барбод бўлган фитна») ҳужжатли фильми намойиш этилган бўлиб, унда Мамадшоева ўз айбига иқрор бўлган. Журналистга нисбатан Жиноят кодексининг саккиз моддаси билан иш қўзғатилган.

2022 йил декабрь ойида Мамадшоева 21 йилга озодликдан маҳрум этилгани маълум бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ