Россия Тожикистон мактабларидаги барча рус синфларини сентябргача дарсликлар билан таъминлаш мажбуриятини олди

russkiymir.ru сайти фотосурати

Россия янги ўқув йили бошлангунича Тожикистондаги мактабларнинг рус синфлари учун дарсликларни нашр этиш мажбуриятини олди. Бу ҳақда республика Таълим ва фан вазири Раҳим Саидзодага асосланиб «Ховар» хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Тожикистонда рус синфлари бўлган 244 та мактаб ва таълим тўлиқ рус тилида фаолият юритадиган 60 та мактаб мавжуд. Уларни дарсликлар билан таъминлаш учун Россия томони 200 миллион рубль ажратган. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ўтган йил ноябрь ойида Москвага расмий ташрифи чоғида шу ҳақда келишувга эришилган эди.

«Тожикистон ва Россия томони миллий стандартларимиз асосида китоблар тузадиган ишчи гуруҳ тузди. 1 сентябргача барча мактаблар китоблар билан таъминланиши керак. Электрон гаджетлардан фойдаланишга ҳожат қолмайди»,деди Саидзода.

ℹ️ Тожикистон Конституциясига кўра, рус тили миллатлараро мулоқот тили мақомига эга. У таълимнинг барча босқичларида – боғчалардан тортиб олий ўқув юртларигача ўқитилади. 2022 йили республикада Россия кўмагида қурилган бешта рус тилидаги мактаб очилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ