«Қозоқ картаси» 2023 йил июлидан берилади

"Ата жолы" картаси. Информбюро 31 фотосурати

2023 йил июль ойидан бошлаб этник қозоқлар учун она ватани — Қозоғистонга соддалаштирилган тарзда киришлари учун «Ата жолы» картаси чиқарила бошлайди. Бу ҳақда Республика Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг расмий сайтида хабар берилди.

Маълум қилинишича, янги ҳужжатни жорий этишдан мақсад «тарихий ватан билан алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий анъаналарни асраб-авайлаш, Қозоғистонда ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун мамлакатга профессионал ва муваффақиятли ишбилармонларни жалб этиш»дан иборат.

Карта хорижда истиқомат қилувчи этник қозоқларга бошқа давлат фуқаролигини йўқотмаган ҳолда берилади. Қозоғистонга киришда янги ҳужжат эгаси 10 йил муддатга яшаш учун рухсатнома олади.

Айни пайтда Қозоғистонда 1991 йилдан кейин доимий яшаш мақсадида ўз ватанига келган этник қозоқларга (оралманларга) берилган «қондош» мақоми мавжуд. Хабарда айтилганидек,

«Ата жолы» картаси эгаси «қондош»дан фарқ қилади, чунки у мазкур мақомнинг барча ҳуқуқларига эга бўлади ва чет эл фуқаролигини сақлаб қолади.

Шунингдек, карта эгаси иш ёки бизнес учун хоҳлаган ўлкани танлаши мумкин бўлади.

«Ата жолы» эгасининг Қозоғистон фуқаросидан фарқи шундаки, биринчиси республиканинг давлат органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига сайлаш ва сайланиш, республика референдумида қатнашиш ҳуқуқига эга эмас ва давлат хизматига киролмайди.

«Ата жолы» картаси унинг эгаси Қозоғистон фуқаролигини олган тақдирда яроқсиз ҳисобланади. Расмийлар «Ата жолы» картасини олиш алгоритми ҳақида қўшимча маълумот беради.

Меҳнат ва ижтимоий сиёсат вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йил бошидан буён 8034 нафар этник қозоқ ўз тарихий ватанига қайтиб, «қондош» мақомини олган. Умуман олганда, 1991 йилдан буён республикага 1 миллион 115,1 минг этник қозоқ қайтиб келган. 2023 йил бошидан Қозоғистонга кўчиб келган қозоқларнинг ярмидан кўпи (54,2 фоизи) Ўзбекистондан, 20,1 фоизи Хитойдан, 11 фоизи Россиядан, 6,4 фоизи Мўғулистондан, 4,9 фоизи Туркманистондан ва 3,3 фоизи бошқа давлатлардан.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ