Telegram асосчисидан меҳнат мигрантларини РФдаги сафарбарликдан ҳимоя қилишни сўрадилар

Павел Дуров. eadaily.com сайти фотосурати

Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров номига Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларини Россия ва Украина ўртасидаги қуролли можарода иштирок этишдан ҳимоя қилишга доир мурожаат эълон қилинди.

Мурожаат муаллифларининг ёзишича, Россияда «Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирларини «кўнгиллилар» сафига жалб қилиш учун фаол тарғибот ва уринишлар олиб борилмоқда. Мигрантларнинг кўпчилиги саводсиз бўлгани боис, уларни алдамоқдалар, баъзиларини пул ёки фуқаролик ваъдаси билан ўзларига оғдиришмоқчи. Паспортларини олиб қўйиб, қайноқ нуқталарга «тайёр ем» сифатида жўнатиш ҳолатлари ҳам учраб турибди!».

«Ҳурматли Павел Валерьевич, сиздан ёрдам сўраймиз! Иккала томоннинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беринг. Сизнинг жамоангиз пандемия даврида одамларга керакли маълумотларни тарқатиш орқали савобли ишларни қилганини биламиз. Сиздан Марказий Осиё давлатлари фуқароларига керакли хабарлар жўнатмаларини ташкил этишда ёрдам беришингизни сўраймиз. Икки тилда, она тилида ва рус тилида. Марказий Осиё республикаларининг давлат органлари ўз саҳифаларида, каналларида хабарлар эълон қилишмоқда, лекин бу саъй-ҳаракатлар олиб борилаётган даҳшатли ташвиқот кучига дош беролмайди!», — дейилади мурожаатда.

Бир кун аввал Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукумати вакиллари ўз ватандошларига мурожаат қилиб, хорижий давлатлар ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда қатнашмасликка чақирган эдилар. Улар бундай қилмиш жиноят эканлигини эслатишди. Қирғизистон Жиноят кодексининг 256-моддасида хорижий давлат ҳудудида қуролли тўқнашувлар ёки жанговар ҳаракатларда қатнашиш, мол-мулки мусодара қилинган ҳолда ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси ва Ўзбекистон Бош прокуратураси республика Жиноят кодексининг 154-моддасида («Ёлланиш») ўн йилгача қамоқ жазоси назарда тутилганини эслатиб ўтди. Дипломатик миссия Ўзбекистон фуқаросининг хорижий давлат фуқаролигига мансуб экани тан олинмаслиги, Ўзбекистон фуқаролигига мансублик республика Президентининг тегишли фармони чиқарилган сўнггина ўз кучини йўқотиши мумкинлигини таъкидлади.

Мигрантлар аскарликка ёлланган барча ўзбекистонликлар жиноий жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирилди, ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаслик, «провокацияларга берилмаслик ва эҳтиёткор бўлиш»га чақирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ