Ашхобод Туркиядан Туркманистон фуқаролари учун виза жорий этишни сўради

Hronikatm.com сайти фотосурати

Ашхобод Туркманистон фуқаролари учун виза жорий этиш илтимоси билан Туркияга мурожаат қилди. Бу ҳақда Туркманистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

«Туркманистон фуқароларининг Туркия Республикасида бўлиш қоидаларини тизимли асосда такомиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Туркманистон томони Туркия Республикаси давлатига Туркманистон фуқаролари учун вақтинчалик режим жорий этиш илтимоси билан мурожаат қилди»,— дейилади хабарда.

Ҳозирда Туркманистон фуқаролари Туркияда 30 кунгача визасиз қолишлари мумкин.

«Хроники Туркменистана» нашрининг ёзишича, 1 июль куни Ашхободда Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркия вице-президенти Фуат Ўқтай ўртасида бўлиб ўтган учрашувда виза режимини жорий этиш масаласи муҳокама қилинган.

«Бутун туркийтилли дунё бизга эркин, визасиз келади ва биз ҳеч кимни чекламоқчи эмасмиз», – деган ўшанда Фуат Ўқтай.

Шунга қарамасдан, Turkmen.news нашрининг ёзишича, август ойи бошида Туркманистон фуқароларига Туркияга визасиз киришга рухсат берилмаган. Бироқ Туркия ТИВ ўтиш тартиби ўзгармаганини маълум қилди.

ОАВ хабарларига кўра, Ашхободда Туркия визаси учун аризаларни қабул қиладиган идора 10 сентябрь куни очилади. Керакли ҳужжатлар тўплами дастлаб Туркманистон миграция хизматига ўтказилади, сўнгра маъқулланса, Туркия консуллигига виза муҳри қўйиш учун юборилади.

Туркия COVID-19 пандемиясидан олдин Туркманистон учун бир вақтнинг ўзида визасиз режим ва тўғридан-тўғри рейсларга эга бўлган дунёдаги ягона давлат эди, деб ёзади Turkmen.news. Шунинг учун ушбу мамлакат туркман меҳнат муҳожирлари орасида жуда машҳур. 2020 йил баҳорида Ашхобод барча давлатлар, жумладан Туркия билан мунтазам рейсларни тўхтатди. Парвозларни босқичма-босқич қайта тиклаш жорий йилнинг ёзида бошланган, Туркияга эса фақат чартер рейслари жўнатилган ва бу талабни қондирмаган. Туркияда қолиб кетган туркман фуқаролари Истанбул аэропортида норозилик намойиши ўтказишган, шундан сўнг чартерлар сони кескин оширилган.

Август ойи ўрталарида бир гуруҳ туркман фаоллари Туркманистон консуллигига президентга кўплаб талаб, жумладан, кўпроқ парвозлар ўрнатиш ҳақида ёзилган хат билан келишган. Бироқ, консуллик ходимлари ташриф буюрганларни қаттиқ калтаклашган ва полицияга қўнғироқ қилишган, полиция икки фаол ва бир турк ҳуқуқ ҳимоячисини ҳибсга олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ