Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон юклар ташиш режимини соддалаштиришга келишиб олди

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги сайти фотосурати

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Эрон ва Туркманистон билан халқаро юк ташиш режимини соддалаштиришга келишиб олди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Ашхободда бўлиб ўтаётган халқаро транспорт конференцияси доирасида Туркманистон Транспорт ва коммуникациялар агентлиги бош директори Мамметхан Чакиев ва Эрон Йўл ва шаҳарсозлик вазири Саид Рустам Қосимий билан музокаралар ўтказди.

Томонлар «Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон» халқаро транспорт ва транзит йўлаги орқали юкларни Туркияга (Ван кўли орқали) интермодаль ташувларларини ташкил этиш, автомобиль ташувларида ундириладиган йиғимларни қисқартиришга келишиб олдилар. Бундан ташқари, Ўзбекистонлик ҳайдовчилар Туркманистон визасини соддалаштирилган тартибда олишлари мумкин бўлади.

Ўзбекистон ва Эрон, шунингдек, Эроннинг Чобаҳор портидан Ўзбекистонга, шунингдек, Хитой-Европа йўналиши бўйича Ўзбекистон орқали автомобиль юкларини ташишни ташкил этишга келишиб олди.

Чобаҳор — Макран соҳилидаги Эроннинг ягона океан порти. Бу дунёдаги энг кўп аҳоли гавжум бўлган иккита бозорни, жумладан 2 миллиардга яқин аҳолиси бўлган Ҳинд океанининг 21 та давлати ҳамда 800 миллионга яқин аҳолиси бўлган Марказий Осиё, Кавказ ва Шарқий Европа мамлакатларини бирлаштиришнинг энг арзон, хавфсиз ва ишончли йўли ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, «Мумбай – Чобаҳор – Кобул» йўналиши бўйича экспортни ташкил этиш юк ташиш нархи ва вақтининг қарийб учдан бир қисмини тежайди, бу эса улар учун нархларнинг арзонлашишига олиб келади.

Март ойида Ўзбекистон Грузия, Озарбайжон ва Туркманистон билан юклар транзитида чегирмалар жорий этилишига келишиб олди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ