ЮНИCEФ Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларидан хавотирда эканини билдирди

ЮНИСЕФ байроғи. flagsonline.it сайти фотосурати

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ, UNICEF) Ўзбекистонни болалар ва аёлларга нисбатан зўравонликка бефарқ бўлмасликдан огоҳлантирди, шунингдек, жамиятнинг бундай ҳолатларга нисбатан позициясини ўзгартиришга чақирди. Матн ташкилотнинг расмий сайтида эълон қилинган.

Баёнот Ўзбекистонда суратга олинган ва аёллар, болалар, жумладан, гўдакларга нисбатан зўравонлик акс этган видеоларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бир пайтда пайдо бўлди.

Шу билан бирга, ташкилотнинг таъкидлашича, тажовузлар бошқа одамлар кўз олдида содир бўлмоқда ва бу одатий ҳолдек қабул қилинмоқда.

ЮНИСЕФ бундай ҳодисаларга нисбатан хавотир билдирди.

«Аёллар ва болалар, айниқса қизлар, ҳар куни зўравонликдан азият чекмоқда ва бу, афсуски, мақбул, нормал, йўл қўйиш мумкин бўлган ва «оиланинг иши» деб қаралади. Зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мумкин. Зўравонликка барҳам беришда ҳар кимнинг ўрни бор. Одамларнинг зўравонликка муносабатини ўзгартириш, жазосиз қолишга чек қўйиш, ижобий тарбия меъёрлари ва амалиётини тарғиб қилиш, жабрланганларга малакали ёрдам кўрсатиш зарур», — дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

ЮНИCEФ Ўзбекистон давлат тузилмаларининг зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ва уларга чора кўриш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, мамлакатда ижтимоий ишчилар институтини яратиш ва муаммони тизимли ҳал этиш учун бутун жамиятни сафарбар қилишни таклиф қилди.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари акс эттирилган видеолар мунтазам пайдо бўлади. Оммага аён бўлган сўнгги воқеалардан бири Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги шифохоналардан бирида онанинг кичкина боласини калтаклагани акс этган видео бўлди. Аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Кўпинча Ўзбекистонда тажовузкорнинг бундай хатти-ҳаракатига тушуниш орқали муносабатда бўлишади. Масалан, тўйда содир бўлган воқеа, куёв келиннинг юзига урган. Натижада, эркак кечирилди, суд уни жазоламади ва жабрланган қиз унинг хотинига айланди.

2019 йили республикада «Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Ҳужжатда ҳимоя ордери тушунчаси киритилди — жабрланувчи ва тажовузкор ўртасидаги алоқани чекловчи, тажовузкорга нисбатан даволаниш, маслаҳатлашиш, моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун харажатларни қоплашни юклайдиган бўлди.

Бир йил аввал Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси оиладаги зўравонликдан жабр кўрган аёлларга ёрдам кўрсатиш учун 130 та марказ ташкил этилишини эълон қилганди. Ташкилот, шунингдек, аёллар зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар беришлари мумкин бўлган ишонч телефонини ишга туширди — 1146.