Бухорода Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришга бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди

Бухоро форуми иштирокчилари. Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

26-27 май кунлари Бухорода Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи халқаро форум бўлиб ўтди. Бу ҳақда мамлакат Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Форумда 250 га яқин киши, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) 100 дан ортиқ вакиллари, кузатувчилар, халқаро ташкилотлар, молия институтлари ва илмий доиралар вакиллари иштирок этдилар.

Улар орасида БМТ Бош котиби ўринбосари ва БМТТД вакили Уша Рао-Монари, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лалита Мерти, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, Хитойнинг қашшоқликни камайтириш халқаро маркази директори Лиу Ронгвен, ХВФ, ЮНИСEФ ва бошқа ташкилотлар вакиллари бор.

Форум иштирокчиларига 10 та панел сессияси таклиф этилди. Улар, жумладан:

👉 камбағаллик ва атроф-муҳит ўртасидаги муносабат;

👉 ижтимоий таъминот, бандлик, тадбиркорлик, малака ошириш, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ва бошқа соҳалардаги давлат дастурлари самарадорлиги;

👉 камбағалликни ўлчаш усуллари ва уни мақсадли қисқартириш чоралари;

👉 «ижтимоий юксалиш» ва меҳнат бозорининг мослашувчанлиги,

👉 тадбиркорликни ривожлантириш учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш;

👉 озиқ-овқат нархларининг ўзгариши ва келажакдаги салбий таъсирларни юмшатиш чоралари;

👉 ногиронларни ишга жойлаштириш;

👉 қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва бошқа мавзулар.

Форум доирасида ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар имзоланди. Масалан, Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Хитойнинг қашшоқликни қисқартириш халқаро маркази билан 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ҳавога метан чиқиндисини камайтириш ва бу борада тегишли миллий дастурни ишлаб чиқиш бўйича келишув имзоланди.

2020 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда 4-5 миллион киши ёки аҳолининг 12-15 фоизи қашшоқлик чегарасида яшаётганини таъкидлади. У камбағалликни қисқартириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди, унда иш ҳақи ва нафақаларни инфляциядан олдин ошириш ва тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириш назарда тутилиши керак.

«Бугунги кунда Ўзбекистон камбағалликни камайтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишнинг ягона йўли юқори, барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлашдан иборат, деб ҳисоблайди», — дейилади Иқтисодий тараққиёт вазирлиги хабарида.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йил январь ойида Ўзбекистонда камбағаллик чегараси ҳар бир киши учун ойига 498 минг сўм (46 доллар) ёки кунига 16.600 сўм (1,53 доллар) этиб белгиланди. Ўшанда пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори 440 минг сўм, иш ҳақи 822 минг сўмни ташкил этади. 1 майдан бошлаб энг кам пенсия ва нафақалар миқдори 500 минг сўмга оширилди, 1 июндан энг кам иш ҳақи миқдори 920 минг сўмни ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ