Французлар Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини ишга туширдилар

ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Франциянинг Total Eren компанияси Самарқанд вилояти Нуробод туманида қурилган 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини (ФЭС) фойдаланишга топширди. 24 май куни ФЭС Ўзбекистон ягона энергетика тизимига электр энергияси етказиб беришни бошлади, деб хабар беради мамлакат Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

«Электр станция йилига 260 миллион киловатт-соат электр энергия ишлаб чиқариб, 80 мингдан ортиқ хонадонни электр энергияси билан таъминлайди», — дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, станция ишга туширилиши натижасида йилига 78 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 100 минг тонна зарарли чиқиндиларнинг чиқиши олди олинади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ билан республикадаги мавжуд барча аҳоли хонадонларини ўн кун давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин.

Электр станциясининг қурилиши 100 миллион долларга тушди, лойиҳа Total Eren томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобидан амалга оширилди. Дастлабки босқичда гап 150 миллион евро миқдоридаги инвестициялар ҳақида эди.

Самарқанд вилоятида қуёш электр станциясини қуриш бўйича «Ўзбекэнерго» ва Total Eren 2018 йил октябрь ойида Парижда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Франция бизнес-форумида келишиб олгандилар. Ишларнинг бошланиши 2020 йилнинг биринчи чорагида, электр станциясининг ишга туширилиши эса 2021 йилнинг биринчи чорагида режалаштирилган эди. Самарқанд вилоятидаги қуёш электр станцияси Ўзбекистонда биринчи бўлиши кутилганди, аммо якунда БААнинг Masdar компанияси Навоий вилояти Карманин туманида қуёш электр станциясини 2021 йил августда фойдаланишга топшириб, французларни ортда қолдирди. Masdar 2023 йил охиригача Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида қуввати 220 МВт бўлган қуёш электр станциясини ишга туширади.

2030 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш электр станцияларининг умумий қувватини камида 5000 МВтга етказиш режалаштирилган. Хусусан, тез орада Наманган (150 МВт), Бухоро (250 МВт) ва Хоразм (100 МВт) вилоятларида умумий қуввати 500 МВт гача бўлган қуёш электр станцияларини қуришни бошлаш режалаштирилган. Қуёш электр станциясини қуриш бўйича тендерлар шартларига кўра, инвесторлар 25 йил давомида электр станциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, ишлатиш ва техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ