Бош прокуратура маданий мерос объектларидаги ноқонуний қурилишлар бўйича ўнлаб даъво аризаларини судга йўллади

"Тўрткўлтепа". Рearlofeast.com сайти фотосурати

Ўзбекистон Бош прокуратураси 44 та маданий мерос объектларидаги 63 та ноқонуний бинони бузиш юзасидан судларга даъво аризалари киритди. Бу ҳақда назорат органи матбуот хизмати хабар беради.

«Тарихнинг қадрига этмайдиган «бунёдкорлар»!» сарлавҳали постда Бош прокуратура Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги маданий мерос объектларини текшириб, уларнинг 108 тасида 146 та ноқонуний бино қурилгани аниқланганини айтади.

Жумладан, Сурхондарёда «Зартепа» (I-V асрлар), «Карвонтушди» (I-VI), «Исмоилтепа» (I-VIII) ва «Мангузартепа» (I-IV), Қашқадарёда «Тўрткўлтепа» (I-VI) археология объекти, Хоразмда «Қибла тозабоғ» (ХIХ) архитектура ёдгорлиги ҳудудидаги ноқонуний қурилмалар буздирилган.

Назорат маҳкамаси еттита ноқонуний бинони бузишга эришди. Маҳаллий ҳокимият органларига 71 та маданий мерос объектларидаги 76 та бинони бузиш топширилган. Ноқонуний бинолар қурганлиги учун 26 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда 8210 та моддий маданий мерос объекти давлат муҳофазасида бўлиб, шундан 4788 таси археологик ёдгорликлар, 2265 таси меъморий объектлар, 625 таси монументал санъат асарлари, 530 таси бошқа диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ