Афғонистонлик журналист толибларни танқид қилгани учун бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Aamaj News сайти фотосурати

Журналист Холид Қодирий (Khalid Qaderi) Ҳирот ҳарбий суди томонидан Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракатини танқид қилгани учун бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда «Чегара билмас мухбирлар» халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қодирийнинг синглисига таяниб хабар беради.

Маълум бўлишича, журналист Ҳиротдаги «Норроз» радиостанциясида ишлаган. У Facebook саҳифасида толибларни танқид қилувчи материалларни жойлаштирган.

17 март куни Қодирий толиблар томонидан ҳибсга олиниб, қамоққа жўнатилган. Унинг қариндошлари ҳибсга олингани ҳақида бир неча кундан кейин хабардор қилинган. Кейинчалик журналистнинг иши Ҳирот ҳарбий судига топширилган. 7 май куни ҳукм чиқарилгани ҳозир маълум бўлди.

«Афғонистонда сўнгги 20 йил ичида биринчи марта журналист ҳарбийлар учун мўлжалланган ҳарбий судга тортилиши. Суд ва ҳукм ноқонуний ва адолатли эмас. Қодирийнинг адвокатдан фойдаланишга имкони бўлмаган ва ҳатто у апелляция бериш ҳуқуқидан воз кечишга мажбур бўлган», — дейилади «Чегара билмас мухбирлар» ҳисоботида.

Ташкилот, шунингдек, суд жараёнида журналист: «Мен хатоларимни тушуниб, Facebookдаги саҳифамдан [толибларни танқид қилувчи] постларни ўчириб ташладим», деб айтганини таъкидлайди.

Афғонистон қонунчилигига кўра, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари устидан шикоятлар ОАВдаги ҳуқуқбузарликларни текшириш комиссияси томонидан кўриб чиқилиши керак ва фақат ушбу комиссия қарори билангина судга берилиши мумкин, дея қўшимча қилди инсон ҳуқуқлари ташкилоти.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган толиблар сўз эркинлиги ҳуқуқини ҳурмат қилишга ваъда берганига қарамай, оммавий ахборот воситаларига нисбатан изчил репрессияларни бошлаб юборди. Журналистлар вақти-вақти билан асоссиз ҳибсга олинмоқда, қийноқларга солинмоқда, намойишларни ёритишида тўсиқларга учрамоқда.

«Толибон» ҳокимиятга келганидан сўнг, 2021 йил август ойи ўрталаридан декабрга қадар Афғонистонда 543 та оммавий ахборот воситаларидан 231 таси ёпилди, матбуотда ишловчилар сони 10 790 (8290 эркак ва 2490 аёл) дан 4360 тага (3950 эркак ва 410 нафар аёл) камайди. Бунга радикаллар қатағони ва толиблар ҳукмронлик қила бошлаганидан сўнг Афғонистонда юзага келган иқтисодий инқироз сабаб бўлди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).