15 майдан Ўзбекистон ва Қозоғистон темир йўл алоқасини тиклайди

Нукус темир йўл вокзали. Mdesign.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ва Қозоғистон темир йўл алоқасини тикламоқда. 15 майдан бошлаб Нукус – Бейнеу – Нукус йўналишида йўловчи поезди қатнай бошлайди. Эртаси куни Олмаота-Тошкент-Олмаота поезди йўл олади, у ҳафтада уч марта қатнайди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.

«Қазақстан темiр жолы» («Қозоғистон темир йўллари») компанияси билан келишилган ҳолда йўловчи ташиш қайта тикланди.

Чипталарни А4 форматида қоғозга чоп этиш орқали онлайн ҳолда ёки темир йўл кассаларида харид қилиш мумкин. Қозоғистон билан чегарада йўловчилар (5 ёшгача бўлган болалар бундан мустасно) ПЦР тестидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома ёки COVID-19 га қарши эмланганлик сертификатини тақдим этишлари шарт.

2020 йил март ойида коронавирус карантини чекловлари доирасида икки давлат ўртасидаги ер усти транспорти тўхтатилган эди. 2021 йил май ойида Ўзбекистон йўловчи темир йўл қатновини тиклашни таклиф қилганди.

1 апрелдан Нукусдан Бейнеуга (Қозоғистоннинг Мангистау вилояти) рейс йўлга қўйилиши режалаштирилган эди. Маълум қилинишича, поезд Қорақалпоғистон пойтахти вокзалидан сешанба, жума ва якшанба кунлари жўнайди. Бейнеу станциясидан — душанба, чоршанба ва шанба кунлари.

2 майдан бошлаб Тошкентдан Олмаотага поезд қатнови йўлга қўйилиши кутилаётган эди. «Тошкент-Марказий» бекатидан Қозоғистонга поезд сешанба, пайшанба ва якшанба кунлари йўлга қўйилиши режалаштирилган эди. Олмаота-2 станциясидан Ўзбекистонга эса — душанба, чоршанба ва шанба кунлари.

Бироқ, 31 март куни Қозоғистон санитария-эпидемиологик вазиятни ҳисобга олиб, поездлар қатновини номаълум муддатга қолдирганини маълум қилди.

Жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб мамлакатлар ўртасида автобуслар мунтазам қатнай бошлади. Улардан Тошкентдан Нур-Султон, Олмаота, Қизилўрда, Туркистон ва Иргелигача фойдаланиш мумкин. Чирчиқдан Чимкент ва Олмаотага иккита рейс йўловчиларни олиб боради.