Баҳорги сел ва кўчкилар оқибатида 9 нафар инсон ҳалок бўлган

Сурхондарёдаги қутқарувчилар оқиб кетган автомобилни дарёдан чиқаришга уринмоқдалар. ФВВ матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда жорий йилнинг март-май ойларида содир бўлган сел ва кўчкилар 9 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда 11 май куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 10 май куни Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги тоғли ҳудудларда қисқа, аммо кучли ёмғир натижасида сел келган. Сел «Нексия» русумли автомашинани ичидаги икки одамга қўшиб оқизиб кетган. Уларнинг жасадлари эртаси куни топилган.

Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар содир бўлди. Оқибатда 9 нафар инсон ҳалок бўлди. 245 та хонадон, 19 та кўприк зарар кўрди, 450 дан ортиқ бош чорва моллари нобуд бўлди.

Воқеа сабабларидан бири сифатида президент сел ва кўчки хавфи юқори бўлган ҳудудларда йиллар давомида ўйламай олиб борилган ирригация ишларини айтди.

Мирзиёев мутасаддиларга қуйидаги топшириқларни берди:

👉 тоғли ҳудудларда кечаю кундуз штаблар ташкил этиш ва қутқарув отрядлари сонини кўпайтириш;

👉 дарёлар қирғоқлари, сув омборлари, сув тошқинларига қарши иншоотларнинг ҳолатини ўрганиш ва мустаҳкамлаш;

👉 доимий равишда хавфли ҳудудлардаги уйларда яшовчиларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш чораларини кўриш.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ