Марказий Осиё республикалари президентлари Пекинда қишки Олимпиаданинг очилиш маросида иштирок этадилар

President.kg сайти фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 4 февраль оқшомида «Қуш уяси» миллий стадионида бўлиб ўтадиган XXIV қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Пекинга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Бундан олдин Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари Хитой пойтахтига учиб келдилар. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этишдан ташқари, Хитой раҳбари Си Сзинпин билан ҳам музокаралар ўтказади.

XXIV Қишки Олимпия ўйинлари Пекинда 4-20 февраль кунлари бўлиб ўтади. 2015 йил 31 июл куни Куала-Лумпурда бўлиб ўтган Халқаро Олимпия қўмитаси йиғилишида келгуси мусобақалар ўтказиладиган жой сифатида Хитой пойтахти танланган. Спортчилар 109 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб борадилар.

Марказий Осиё давлатлари ичида Қозоғистон мусобақага энг катта жамоани жўнатган. 34 нафар спортчи – фристайлчилар, чанғичилар, конкида учувчилар, биатлончилар, люгерлар, сноубордчилар, хоккейчилар мусобақаларда қатнашадилар.

Олимпиадада Ўзбекистонни бир нафар спортчи – чанғичи Комилжон Тўхтаев ҳимоя қилади. Ўзбекистонлик спортчи 13 февраль куни гигант слалом, 16 февраль куни эса слалом бўйича чиқиш қилади.

Қирғизистондан ҳам ўйинларда битта спортчи — чанғичи Максим Гордеев иштирок этади. У 16 февраль куни слаломда чиқиш қилади.

Тожикистонлик спортчилар мусобақаларда қатнашмайди. Республика Миллий олимпия қўмитаси тожик спортчилари Олимпиадада қатнашиш учун бирорта ҳам лицензия қўлга кирита олмагани, чунки коронавирус пандемияси туфайли улар саралаш босқичидаги халқаро мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларида қатнаша олмаганини маълдум қилди.

Туркманистон спортчиларининг иштироки ҳақида расмий маълумот йўқ.

Маълумки, бир қатор давлатлар, жумладан АҚШ, Австралия, Буюк Британия ва Канада Пекиндаги ўйинларга дипломатик бойкот эълон қилган. Бу давлатлар расмийлари Олимпиада очилиш маросимида қатнашмайдилар, бироқ уларнинг спортчилари мусобақада қатнашиши мумкин. Бойкотга Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном туманида инсон ҳуқуқларининг оммавий тарзда бузилаётгани сабаб бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ