Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари Эроннинг Чабаҳор портини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ тузади

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари Эроннинг Чабаҳор портини ривожлантириш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузади. Бу ҳақдаги қарор 27 январь куни Ҳиндистон-Марказий Осиё биринчи онлайн саммити якунлари бўйича қабул қилинган Деҳли декларациясида қайд этилди.

«Марказий Осиё давлатлари Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши масалаларини ҳал этиш учун Чабаҳор портини ривожлантириш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш тўғрисидаги Ҳиндистон таклифини олқишлади», — дейилади ҳужжатда.

Томонлар Чабаҳор ва Туркманбоши портларини «Шимолий – Жануб» халқаро транспорт коридори таркибига киритиш режасини келишиб олдилар. Шунингдек, Туркманистон томонининг БМТ билан ҳамкорликда 2022 йил апрель ойида Туркманистонда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро транспорт вазирлар конференциясини ташкил этиш таклифи қайд этилди.

Чабаҳор порти Эроннинг Макран соҳилидаги ягона океан портидир. Ҳиндистон унинг ривожланишидан жуда манфаатдор, чунки у Покистон ҳудудини четлаб ўтиб, Афғонистонга юкларни етказиб бериш имконини беради. Чабаҳор дунёдаги энг гавжум икки бозорни, жумладан, Ҳинд океанидаги тахминан 2 миллиард аҳолига эга 21 мамлакатни ҳамда тахминан 800 млн нуфузга эга Марказий Осиё, Кавказ ва Шарқий Европа мамлакатларини бирлаштиришнинг энг арзон, хавфсиз ва ишончли усули ҳисобланади.

Мутахассисларнинг фикрича, «Мумбай – Чабаҳор – Марказий Осиё» йўналиши юк ташиш харажатлари ва вақтининг қарийб учдан бир қисмини тежаш имконини беради, бу эса Ҳиндистон маҳсулотлари нархининг пасайишига олиб келади. Ҳиндистон ҳукумати Чабаҳорни ривожлантиришга 500 миллион доллар ва қатор автомобиль ва темир йўлларни қуришга 1,5 миллиард доллар сармоя киритишга ваъда берди.

Онлайн саммитда эришилган бошқа келишувлар орасида Афғонистон бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш, 2022 йил октябрь ойида Душанбе шаҳрида терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича Душанбе жараёни доирасида халқаро конференция ўтказиш, Ҳиндистон-Марказий Осиё давлатлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ва бошқалар ўрин олган.

Томонлар, шунингдек маданий ҳамкорликнинг барча жабҳаларида – кинофестивалларни мунтазам ўтказиш, музейлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, адабий асарларни таржима қилиш, қўлёзмаларни рақамлаштириш, маданий меросга оид реставрация ишлари ва бошқа ишларга эътиборни кучайтиришга келишиб олдилар. Ҳиндистонлик кинематографчиларни суратга олиш учун минтақа давлатларининг гўзал манзараларидан фойдаланиш таклиф этилди.

«Саммитда иштирок этаётган мамлакатларда қўлланиладиган сўзларнинг умумийлигини инобатга олган ҳолда, ҳинд томони Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатларида қўлланиладиган умумий сўзлар луғатини нашр этиш ҳамда минтақа мамлакатларида буддизм кўргазмасини ташкил этишни таклиф қилди», — дейилади декларацияда.

Онлайн саммит Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг таклифи билан ташкил этилди. Унда Қозоғистон президентлари Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Томонлар бундай саммитларни ҳар икки йилда бир марта ўтказишга келишиб олдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ