Ўзбекистонликлар пиёда юриш учун кафолатланган тўловлардан маҳрум бўлдилар

Spot.uz фотосурати

16 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати аҳолини ҳар 10 минг қадам учун 3000 сўм ($027) миқдорида пул билан рағбатлантирмайдиган бўлди. Энди пиёда юрувчилар ҳар ҳафта ўтказиладиган мингта велосипед ва бош соврин 100 миллион сўм (9,2 минг доллар) ўйинида иштирок этишга таклиф этилади, деб хабар беради Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирлик ўйинда иштирок этиш жараёни қаттиқ назорат остида бўлишини маълум қилади.

Ғолибларни аниқлаш шаффоф ва холис бўлиши учун Жамоатчилик назорати кенгаши тузилди. Кенгашга депутат Расул Кушербаев раислик қилади, ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев ва блогер Никита Макаренко унга ўринбосар бўлади.

«Тизимни ўзига келсак, тасаввур қиляпсизми, ҳар ҳафта (!) 100 миллион сўм ва ҳар ҳафта мингта велосипед! Бу дегани йилига салкам 50 минг велосипед аҳолига бепул тарқатилади. Бу аҳоли саломатлиги ва экологияга жуда катта фойда. Шу баҳона жамиятда веломаданият ривожланиши орқали йўллар ва инфратузилма ҳам яхшиланади. Чунки велосипеди бор одамлар ўз-ўзидан Ҳукуматдан ва ҳокимлардан йўлларни тўғрилашни талаб қилишни бошлайди», — деб ёзади Худойбердиев ўз постида.

Унинг таъкидлашича, 15 январгача 1hls.uz платформасида 10 минг қадам юрган барча фуқароларга пуллар тўлиқ тўлаб берилади.

COVID-19 пандемияси шароитида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш доирасида ўзбекистонликларга пиёда юргани учун ҳақ тўлаш таклифини ўз ичига олган Президент қарори 2020 йил 30 октябрида эълон қилинди. Пиёдалар эришган ютуқларни ҳисобга олувчи платформа ва 1hls.uz мобил иловалари 2021 йил июнда ишга туширилди. Платформада рўйхатдан ўтган 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари кўп пиёда юргани учун пул ишлаб олишлари мумкин эди.

Туризм ва спорт вазирлиги маълумотларига кўра, 1hls.uz ишга туширилгандан то 2021 йил 29 декабригача ушбу платформада 1,2 миллиондан ортиқ киши рўйхатдан ўтган. Жумладан — 757 680 нафар эркак ва 451 397 нафар аёл. Уларга жами 43 миллиард сўмдан ортиқ (4 миллион долларга яқин) пул тўланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ