БМТ Афғонистонда уч кунлик жанг оқибатида 163 та бола жабрланганини маълум қилади

БМТ сайти фотосурати

Афғонистонда уч кунлик жанговор ҳаракатлар оқибатида 27 та бола ўлган ва 136 нафари ярадор бўлган. Бу ҳақда БМТ матбуот хизмати Халқаро болалар ташкилоти жамғармаси (ЮНИСЕФ) маълумотларига таянган ҳолда хабар беради.

Аниқланишича, Қандаҳор вилоятида 20 та бола ҳалок бўлган ва 130 нафари яраланган, Хост вилоятида иккита гўдак ўлган ва уч бола яраланган, Пактия вилоятида эса беш нафар бола ўлган, учтаси шикастланган.

«Ваҳшийлик [Афғонистонда] кундан кунга ортиб бормоқда. Барча қурбонлар — болалар ва уларнинг халқаро гуманитар нормаларига доир ҳақ-ҳуқуқлари курашаётган кучлар томонидан топталган», — дейди ЮНИСЕФнинг Афғонистондаги ваколатхонаси раҳбари Эрве Людвик де Лис (Hervé Ludovic De Lys).

Бундан ташқари, БМТ маълумотларига кўра, АҚШ ҳарбий авиацияси қўллаб-қувватлаётган ҳукумат қўшинлари ва «Толибон» радикал ҳаракати (Россия ва бир қатор давлатларда тақиқланган ташкилот) ўртасида кескин жанглар кетаётган Ҳирот, Қандаҳор ва Гилмендда кейинги бир ой ичида бир мингдан ортиқ тинч аҳоли вакили ярадор бўлган.

Халқаро Қизил Хоч (ХҚХҚ) қўмитаси маълумотларига кўра, 10 кун ичида қўмита кўмагида Афғонистонда фаолият юритаётган ўн бешта тиббиёт муассасасига 4042 нафар одам ўқотар қуролидан яраланган ҳолда ётқизилган. Халқаро ташкилот жанговор ҳаракатлар натижасида тиббий ташкилотлар талофат қўраётганини маълум қилади. Июль ойида ХҚХҚ 13 мингта беморга тиббий ёрдам кўрсатган.

БМТнинг Афғонистондаги миссияси раҳбари Дебора Лайонс 10 августда Доҳадаги музокараларда иштирок этувчи толиблар, афғон ҳукумати вакиллари ва халқаро воситачилардан афғон ўлкаларида зўровонлик кучайиб кетаётганига эътибор қаратишларини сўради. Ўз навбатида АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Ҳалилзод музокараларда «Толибон» делегациясини босқинчилик ҳужумларидан қайтаришга уринишини билдирган.

Шу билан бирга американинг Foreign Policy нашри чоп этган «Покистон қандай қилиб Байденнинг энг ёмон душманига айланиши мумкин» деб номланган мақоласида шундай сўзлар ёзилган: «АҚШнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига доир таклифи ўзининг альтернатив таклифини илгари сураётган Покистон туфайли саробга айланмоқда». Нашрга кўра, мазкур сценарий президент Ашраф Ғанини тахтдан ағдариб, Афғонистонда покистонликларга қарам ҳукуматни барпо этишни ўз ичига олади ва бу билан Исломободнинг геосиёсий роли ортади, Ҳиндистонга қарши туришда янги имкониятлар юзага келади.

Қўшимча қиламиз, ҳозирда ижтимоий тармоқларда #SanctionPakistan хэштеги остида кампания бошланган. Кампания иштирокчилари толибларни қўллаб-қуввалаётгани учун Покистонга нисбатан санкциялар жорий қилиниши талаб қилмоқдалар. Канаданинг Покистондаги собиқ элчиси Крис Александер ушбу ташаббусни кескин ёқламоқда ва покистонликларнинг Афғонистонга нисбатан олиб бораётган сиёсатини — «прокси уруш» («ўзга юртда ўзгалар ёрдамида ўз манфаатини учун кураш») деб атаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ