Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигини «Абдулла Ариповнинг одами» бошқарадиган бўлди

Асаджон Ходжаев. Xs.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигини (АОКА) Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Асаджон Ходжаев бошқарадиган бўлди, дея хабар беради ҳукуматга қарашли «Халқ сўзи» газетаси. Эски формациядаги мутасадди, мамлакат бош вазири Абдулла Ариповнинг креатураси саналган бу одамнинг тайинланиши АОКА томонидан тайёрланаётган Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги либерал қонун лойиҳасига таъсир ўтказиши мумкин, дея ёзади Central Asia Brief Telegram-канали.

Сўнгги пайтга қадар директор йўқлигида агентликка директорнинг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджанов раҳбарлик қилган. Илгари АОКА директори бўлиб президентнинг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов ишлаган эди, бироқ у Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондига раҳбар этиб тайинланганидан кейин Саиджановни директорликка расман тайнилашгани йўқ. Канал маълумотига кўра, Саиджанов ҳозирча АОКА директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлашни давом эттиради.

50 ёшли Ходжаевнинг тайинланиши 29 июль куни кечқурун амалга оширилиб, АОКА томонидан таклиф этилган ҳамда ҳукумат порталида чоп этилган «Ўзбекистон Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» қонунининг муҳокамаси тугаши билан бир вақтга тўғри келди. Қонун лойиҳасида, жумладан, рўйхатдан ўтиш жараёнини хабардор қилиш жараёнига алмаштириш, журналистларга дронлардан фойдаланишга рухсат бериш ҳамда Оммавий ахборот воситаларининг устав фондида чет эл инвестицияларининг рухсат берилган улушини 49 фоизгача кўтариш таклиф этилган.

«Эски давр» мулозими, ижтимоий тармоқлардаги ҳукуматпараст «троллар фабрикаси» ташкилотчисининг АОКА раҳбариятига келиши қонун лойиҳасига кириталаётган мазкур тузатишлар тақдирига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Асаджон Ходжаев 1970 йил 3 сентябрда Қозоғистоннинг Чимкент вилоятида туғилган, Тошкент электротехника алоқаси институтини 1993 йилда тамомлаган, 2003−2004 йилларда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов даврида Миллий хавфсизлик кенгаши аппарати етакчи консультанти, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва ахборот хавфсизлиги лойиҳаси раҳбари ўринбосари бўлган.

2004−2011 йилларда Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори ўринбосари, 2011−2012 йилларда Интеллектуал мулк қўмитаси бош директори, 2012−2017 йилларда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона директори сифатида фаолият кўрсатган.

2017 йил март ойидан декабргача Ўзбекистон президенти матбуот хизматини бошқарган. Бироқ Самарқанддаги «Шарқ тароналари» мусиқа фестивалини ёритишда йўл қўйилган камчиликлари учун Шавкат Мирзиёев томонидан бўшатилган.

2017−2018 йилларда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

2018−2019 йилларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказига директор бўлган. Тайинловга қадар — 2019 йил ноябридан — Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.