Сурхондарёлик аёл боласи учун яна пул олаётганда қўлга олинган

Қўлга олинган аёл. Tergov.uz сайти фотосурати

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида истиқомат қиладиган аёл тўрт ойлик чақалоғини сотиш пайтида ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан қўлга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар беради.

2020 йилнинг апрель ойидаги Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг йиғилишида Жарқўрғонда яшовчи 28 ёшли Ф.Н., қиз фарзандини Қумқўрғон туманида яшовчи 35 ёшли Ю.Т.,га қонуний, суд орқали фарзандликка беришга рози бўлиб, туғруқ давомида кетган дори-дармон ва бошқа сарф-харажатларига деб 1.700.000 сўм ($167) пулларни олиб, Ю.Т., га фарзандиликка бериш учун барча ҳужжатларни тўплаб суд залига борганда Ф.Н. фикридан қайтиб фарзандини бермаслигини билдирган.

Орадан бир неча кун ўтиб, Ф.Н. телефон орқали ва бир неча маротаба Ю.Т., нинг яшаш уйига келиб, қиз чақалоғини сотиш учун Ю.Т., дан 10.000.000 сўм ($980) миқдордаги пул маблағини талаб қилганидан сўнг, Ю.Т. ИИБ га ариза билан мурожаат қилади.

Қумқўрғон туман “Оқсой” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Ёшлар хиёбони” ҳовлисида ўтказилган тезкор тадбирда, Ф.Н. қиз чақалоғи учун Ю.Т., дан талаб қилган 10.000.000 сўм миқдорида пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган. Аёл бу модда билан саккиз йилдан ўн икки йилгача қамоқ жазосини олиши мумкин.

Кейинги пайтлар Ўзбекистонда чақалоқларни сотиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Мисол учун, Қорақалпоғистонда 13 ёшар боласи учун $15 минг олмоқчи бўлган аёл қўлга олинган. Навоий шаҳрида эса она чақалоғини 3 млн сўмга ($300) сотмоқчи бўлган.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева кўп ҳолларда аёллар болаларини оиладаги оғир аҳвол, моддий қийинчиликлар, айбини яшириш ёки бошпана сотиб олиш мақсадида сотишга мажбур бўлаётганларини таъкидлади.