Олма-Ота шаҳрининг бош санитария врачи пневмониядан вафот этди

Кайрат Баймухамбетов . Ratel.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда Олма-Ота вилояти бош санитария врачи Қайрат Баймухамбетов вафот этди. Ушбу хабарни вилоят ҳокимилига матбуот хизматида тасдиқладилар, дея хабар беради Nur.Kz.

Ҳокимиятдагилар Liter.Kz нашрига маълум қилишларича, Баймухамбетов пневмония касаллиги боис вафот этган, бундан олдин эса у “касалхонада даволаниб ётган”.

Қайрат Баймухамбетов 1964 йилда Шарқий Қозоғистон вилоятида туғилган, Қарағанда давлат медицина институтини, Шарқий Қозоғистон регионал университетини тамомлаган.

У олий тоифадаги шифокор бўлган, турли йилларда Целина темир йўли санитария эпидемиология станциясининг Кўкшетаудаги коммунал гигиена бўлимида, Шарқий Қозоғистон вилояти Қурчум туман санитария-эпидемиология станциясида санитария врачи, Глубоков район санитария-эпидемиология станциясида бош врач бўлиб ишлаган.

Шундан сўнг Давлат санитария-эпидемиология назорати қўмитаси департаментида турли раҳбарлик лавозимларини эгаллаб келган. 2019 йил май ойида Олма-Ота вилоятига бош санитария врачи этиб тайинланган. Унинг хотини ва уч нафар фарзанди қолдилар.

Коронавирус инфекциясини юқтириб олган Олма-Ота вилояти ҳокими Амандиқ Баталов Нур-Султан кардиология марказида оғир ҳансираш ва юрак фаолияти етишмовчилигидан даволаниб ётибди.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Идоралараро комиссия маълумотига кўра, Қозоғистонда бир кеча-кундуз давомида коронавирусга чалинишнинг 1726 та ҳолати қайд этилган. Улардан симптомсиз (касаллик аломатлари намоён бўлмайдиган) беморларнинг сони 936 тани ташкил этади.

Мамлакатда коронавирус инфекциясини юқтириб олишнинг жами 54 747 ҳолати тасдиқланган, 31 277 нафар бемор соғайиб кетган ва 280 киши ўлган. Соғлиқни сақлаш вазири Александр Цой комиссия барча ўлганлар устидан COVID-19 мавжудлиги борасида тест синовларини ўтказишга улгура олмаётгани боис, аслида бундан кўпроқ одамлар касалланган ва ўлган бўлиши мумкинлигини тан олган. Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бутун мамлакат аҳолисини тест синовларидан ўтказишни ўз олдига мақсад қилмаяпти.

Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда коронавирус инфекция тарқалишининг иккинчи тўлқини бошланганини қайд этиб, 13 июль кунини мамлакатда COVID-19 инфекциясидан вафот этганлар учун миллий мотам куни деб эълон қилган. Қозоғистон дунёда локдаунни қайта жорий қилган мамлакатларнинг биринчиси бўлиб қолди. Ҳозирча икки ҳафта муддатга карантин эълон қилинди. Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазири бир ой муддатга умумий карантин эълон қилишни тавсия қилиб, бу чораларнинг амал қилиш муддатини узайтириш эҳтимолини истисно этмаган. Карантин чораларининг кучайтирилиши тўғрисидаги қарорни келгуси ҳафтада қабул қилишлари кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ