Мирзиёев ўзбекистонликларнинг намат остига яширган пулларини чиқариш билан боғлиқ топшириқ берди

Investuzbekistan.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Давлат активлари бор тижорат банкларида ҳукуматдан олинган маблағлар ҳиссаси ҳамон юқорилиги, аҳоли омонатларининг улуши паст даражада эканлигини танқид қилиб, ўзбекистонликларнинг намат остига яширган пулларини чиқаришнинг янги усулларини излаш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда 2020-2025 йилларга мўлжалланган банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини амалга ошириш ҳамда мамлакат тижорат банкларининг трансформация жараёнини жадаллаштириш бўйича йиғилиш давомида сўз юритилди.

Хусусан, бундай кредитлар улуши Қишлоқ қурилиш банкда 41 фоизни, Ипотека банкда 32 фоизни ташкил этади. Ўтган йили банкларга давлат кафолати остида қарийб 600 миллион долларлик кредит линиялари жалб қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 570 миллион долларни ташкил қилади. Шу билан бир қаторда, аҳолининг жамғарма ва муддатли депозитлари улуши йирик банкларда ўртача 5 фоизни ташкил этади, холос.

Банк сленгида “намат остида” ибораси – депозитларда эмас, балки нақд пул кўринишида 10 миллиард АҚШ доллари атрофида пул сақланиб, иқтисодиёт айланмасидан четда қолиб кетяпти. Бу 2019 йилда Ўзбекистон Марказий банки томонидан ўтказилган аноним сўров давомидан аниқланган маълумот бўлиб, респондентларнинг 54 фоизи (1170 киши) чет эл валютасида пул жамғармаларини уйларида сақлаётгани ҳақида маълум қилган. Жамғарманинг ўртача суммаси бир кишига ўртача 1134 АҚШ долларини ташкил этган.

Шу муносабат билан Мирзиёев Марказий банкка тижорат банкларига аҳоли омонатларини жалб этиш бўйича қўшимча таклифлар ишлаб чиқиш топшириғи берди ҳамда банклар молиявий ресурсларни давлат ёрдами ва кўмагисиз, мустақил жалб қилишларини талаб қилди.

Ҳозирда фақат олтита тижорат банки – “Ипотекабанк”, “Саноатқурилишбанк”, “Туронбанк”, “Асакабанк”, “Алоқабанк” ва “Агробанк” молиявий диагностика, истиқболли стратегияларни ишлаб чиқиш ва хусусийлаштириш масалалари бўйича халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни бошлаган. Бироқ, бошқа банкларни трансформация қилиш ишлари етарли даражада фаол олиб борилмаяпти, дея қайд этди президент.

Мирзиёев Марказий банкка банклар фаолиятига хос бўлмаган функцияларни хатловдан ўтказиш, Марказий банк ҳузуридаги Қайта тайёрлаш корпоратив марказида аввало жойлардаги банк ходимлари учун банклар трансформациясини тушунтириш бўйича ўқув дастурларини ташкил этиш, банкларнинг кредит портфели ва лойиҳалар сифатини ошириш, қийин аҳволга тушиб қолган ҳар бир мижознинг молиявий имкониятларини тиклаш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Стресс-тестлар натижаларига кўра, муаммоли кредитлар улуши бир неча баробар кўпайиши мумкинлиги, бу эса банк тизими учун жиддий хатар экани қайд этилди. Президент муаммоли кредитларни ҳудудлар кесимида батафсил таҳлил қилиб, кредит портфели сифатини сақлаб қолиш бўйича таъсирчан механизм ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмасини берди.

Ўзбекистонда олтита банкда – “Ипотекабанк”, “Саноатқурилишбанк”, “Туронбанк”, “Асакабанк”, “Алоқабанк” ва “Агробанк” босқичма-босқич давлат улушини хусусийлаштириш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Улардан учтасида устав капиталида давлат улуши қолади.