ЖССТ Қозоғистон ва Қирғизистонни коронавирусни тезлаштирилган ҳолда юқтирадиган мамлакатлар сарасига киритди

ЖССТ Европа ҳудудий бюроси директори Ханс Клюге. ЖССТ YouTube-каналидаги видеодан кадр

Европада карантин чораларини юмшатган 30 мамлакат ўтган ҳафтада коронавирус аниқланиши ҳолатларининг кўпайишига тўқнаш келди, дея маълум қилади Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа ҳудудий бюросининг директори Ҳанс Клюге. Ушбу баёнот YouTube-каналида 25 июнь куни эълон қилинган.

Клюгега кўра, ўсиш “бир неча ой давомида илк бор” кузатилмоқда. Ушбу ҳудудда инфекция юқтирилишининг янги ҳолатлари 20 мингга яқинлашиб қолган бўлиб, ҳар куни 700 тадан ўлим қайд этилмоқда.

“Сўнгги икки ҳафта давомида 30 та мамлакатда инфекция юқтирилиши янги ҳолатларнинг кўпайиб кетгани кузатилди. Мазкур мамлакатларнинг 11 тасида инфекцияни тезлашган ҳолда юқтирилиши жуда ҳам сезиларли янги тўлқиннинг (significant resurgence) пайдо бўлишига олиб келди ва бу агар уни тўхтатиб қўйилмаса, Европадаги соғлиқни сақлаш тизимларини вайрон бўлиш ёқасига олиб келиши мумкин”, — дея огоҳлантирди Клюге.

ЖССТ вакили бу мамлакатларнинг номларини келтиргани йўқ, кейинроқ ташкилот ходимлари бундай давлатлар қаторига Арманистон, Швеция, Молдавия, Шимолий Македония, Озарбайжон, Қозоғистон, Албания, Босния ва Герцеговина, Қирғизистон, Украина ва Косово кираётгани ҳақида аниқлик киритдилар.

Қирғизистонда 25 июнь кунига келиб коронавирус юқтирилишининг 3 954 та ҳолати расман қайд этилган. 2 112 нафар бемор соғайиб кетган ва 43 киши ўлган. Амалда 1 799 нафар бемор қолмоқда. Сўнгги сутка давомида коронавирус билан зарарланган беморлар сони 12,3 фоизга ёки 197 кишига ўсган. Апрель ойи давомида COVID-19 инфекциясини юқтириб олган одамларнинг сони 1,6 баробарига ўсган. Май ойида бу кўрсаткич 1,3 баробарни ташкил этган.

Қозоғистонда коронавирус қурбонларининг сони 140 кишига етган: 25 июнь куни бу ерда яна тўрт нафар бемор – биттаси Ақмола вилоятида ва уч нафари Олма-Ота вилоятида вафот этган. Республикада 13 мартдан бери коронавирус инфекциясини юқтириб олинишининг жами 19 285 та ҳолати қайд этилган. 12 048 нафар беморлар соғайиб кетдилар. 15-21 июнь оралиғида касалланиш даражаси 2,07 баробарига ўсган.

Оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, вазият Германияда оғирлашган, бу мамлакатда 600 минг киши қайтадан карантинга олинган. Португалияда ҳам аҳвол оғирлашмоқда. Германия Федератив Республикасининг Шимолий Рейн-Вестфалия ўлкасининг Гютерсло ва Варендоф районларида мактаблар ва болалар боғчалари, музейлар ва кўргазмалар қайтадан ёпилган, ижтимоий алоқаларга қайта тақиқ киритилди. Германиядаги энг йирик Tönnies фирмасининг гўшт комбинати инфекциянинг эпицентрига айланган, бу корхонада ишлайдиган 7000 нафар ишчи-ходимларидан 1700 таси коронавирусни юқтириб олгани аниқланган.

Шу билан бирга, ЖССТ мактабларда COVID-19 авж олганига зудлик билан чора кўрган Польша, Германия, Испания ва Исроил ҳукуматлар шаънига мақтовлар ёғдирди.

Айни пайтда эпидемиологлар Жанубий ярим шарликда кириб келган қиш фасли COVID-19 инфекцияси тарқалишининг мавсуми бўлиб қолиши ҳақида огоҳлантиришмоқда. Шунинг учун ҳам АҚШ ва айниқса Флорида, Техас ва Аризона штатлари (айниқса Виктория штати, бу ерда сўнгги бир неча кундан давомида коронавирусга чалинганлар сони кўпаймоқда), шунингдек, Бразилиядаги аҳвол кишини хавотирга соладиган даражада бўлиб қолган.

Россияда ва айниқса инфекция юқтириш ва ўлим даражаси бўйича етакчилик қилган Москвада Конституцияга ўзгартиришлар киритилиши бўйича овоз беришлар арафасида статистика фақат яхшиланмоқда. Коронавирус атрофидаги вазиятни назорат ва мониторинг қилиш бўйича оператив штаб Москвада ҳафта бошланганидан бери инфекция юқтириб олинишининг янги ҳолатлари ўсиши 26 фоизга қисқарганини эълон қилди. Москва ҳокими Сергей Собянин оғир касаллар сони камаймоқда, бу каби статистикани манипуляция қилишнинг имконияти йўқ, деб билдирди.

Шандай қилиб, Россияда карантин тартибини енгиллатиш давом этмоқда. Мамлакат бош вазири Михаил Мишустин 25 июнь куни ишлашга рухсати бор олий малакали чет эллик мутахассисларининг мамлакатга киришига қўйилган чекловларни бекор қилди.

Жон Ҳопкинс университети маълумотига кўра, дунё бўйича 9,5 миллион одам коронавирус инфекциясини юқтириб олган ва 484 минг бемор вафот этган. Касаллик юқтириб олиш бўйича дунёда ҳамон АҚШ (2,4 миллион), Бразилия (1,1 млн), Россия (613 минг) ва Ҳиндистон (473 минг) етакчи ўринларни эгалламоқда. Ўлимлар сони бўйича АҚШ (122 мингдан зиёд), Бразилия (деярли 54 минг), Буюк Британия (43 минг) ва Италия (34 минг) етакчилик қилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ