Росавиация МДҲ мамлакатлари билан парвозларни қайта янгилаш таклифини кўтариб чиқди

“Фарғона” фотосурати

Росавиация раҳбари Александр Нерадько ҳукуматга Россияда халқаро авиақатновларни қайта тиклаш режасини таклиф этди. Тавсия қилинаётган схемага мувофиқ, биринчи босқичда МДҲ мамлакатлари билан парвозлар янгидан тикланади, дея хабар беради “Коммерсант”.

Бошқа мамлакатларга парвозлар улардаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда индивидул тартибда очилиши таклиф этилмоқда. Таклиф Роспотребнадзор (Россия истеъмол назорати) ташкилотига ҳамда бош вазир ўринбосари Татьяна Голикованинг маъмуриятига йўлланган.

Газета тақдим этаётган маълумотларга кўра, авиаалоқалар масаласи кўриб чиқилмоқда, бироқ узил-кесил қарорлар бошқа давлатлар билан эришилган келишувлардан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади. Идора ҳужжатни расмий равишда шарҳлашдан бош тортди.

Авиация идораси меҳнат мигрантлари туфайли Ўзбекистон ва Тожикистонни энг истиқболли йўналишлар деб атади, лекин шунга қарамай кўпчилик мутахассислар авиакомпаниялар учун ёз мавсуми фақат моддий зарар келтириши муқаррарлиги борасидаги фикрлари бир жойдан чиқмоқда. Шу билан бирга, яқин хориж мамлакатларига учиш рухсати даромадлари борасидаги вазиятни ўзгартира олмайди.

“Июль ойига авиачипталар сотуви бошланиб бўлган, бироқ нархлар шу даражадаки, ёз мавсуми якуни бўйича барибир фойдага чиқадиган ҳолат бўлмайди”, — деди манба.

Экспертларга кўра, Россиянинг узоқ хориж мамлакатлари билан авиация қатнови ёз мавсумининг охиригача ва ундан ҳам кўпроқ вақт давомида ёпиқ ҳолатда қолиши мумкин.

Ўтган ҳафтада Туркиянинг миллий авиатушувчиси “Туркия ҳаво йўллари” (Turkish Airlines) Марказий Осиё мамлакатларига парвозларини янгидан бошлаётани ҳақида эълон қилганди, бироқ Ўзбекистон расмийлари ҳозирча бирорта авиакомпанияга республикага мунтазам авиация қатновларини амалга оширишга рухсат бермагани ҳақида билдирди. Транспорт вазирлиги таъкидлашича, бу масала эпидемиологик вазиятга қараб ҳал этилади.

Россия бош вазири ўринбосари Юрий Борисов ҳам журналистларнинг чегаралар қачон очилиши ва халқаро авиаташувлар қайта бошланиши тўғрисидаги саволга худди шундай тарзда жавоб берди: “Вазият шунга имконият берадиган бўлса – авиақтновларни янгидан бошлайверамиз”, — деди Борисов ва аниқ муддатларни айтишдан ожиз қолди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россиядан Ўзбекистонга учадиган чартер рейсга элчихонадаги электрон навбатдан айланиб ўтиб, қандай қилиб авиачипта сотиб олса бўлиши ҳақида

  • Россияда мигрантлар учун “ишонч рейтингини” жорий этиш режалаштирилмоқда. Хитойда бундай рейтинг яратиб бўлинган

  • Ўзбекистон элчихонаси ватанга биринчи навбатда кимларни жўнатиш борасида нималарга асосланиб қарор қабул қилаётгани ҳақида

  • Давлат туризм қўмитасининг собиқ мутасаддиси – хорижий ғоялар ва технологияларни жалб этиш бўйича янги лойиҳа ҳақида